Президент мактаблари таълим дастури яна мингта мактабда бошланади – Президент
Жорий йилда мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган. Бу ҳақда айни пайтда бўлиб ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.
«Лекин, математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини аниқ кўрсатди. Ёки, 500 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий қилиниб, ҳақиқий билим қай даражада экани аниқланди.
Ҳозирда 1-11-синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соат доирасида ўқувчиларни ярми ҳам «B1» даражага эга бўла олмаяпти.
Шунингдек, айрим ҳудудлардаги малака ошириш марказларининг фаолияти кўринмаяпти Жорий йилда Президент мактаблари таълим дастури яна 1 мингта мактабда бошланади. Ҳокимлар уларни моддий-техник базасини яхшилашга масъул бўлади», – деди Президент Мирзиёев.
Йиғилишда, шунингдек, мактаб таълимидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Қайд этилишича, ўтган йили Республика илмий-методик маркази ташкил этилди. Шу билан бирга, ўтган ҳафта Лойиҳа офиси ташкил қилинди ва катта илмий-амалий тажрибаси бор ва салоҳиятли кадрлар жамланди.
Марказ ва офисга Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим вазирликлари билан биргаликда:
- мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш;
- ўқувчилар билими, таҳлилий, танқидий ва креатив фикрлаши, муаммоларга ечим топиб, амалиётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув методикаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Бунда, тан олинган хорижий дастурлар (A-level, IB каби), ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади.
Жорий йилда Президент мактаблари таълим дастури яна 1 мингта мактабда бошланади. Ҳокимлар уларни моддий-техник базасини яхшилашга масъул бўлади.
Ўтган йили 500 та «тил эгалари» иш бошлагани ўз самарасини бераяпти. Бу амалиётни кенгайтириш учун «тил эгалари»ни барча мактабларга жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Мактабларда ўргатиш мумкин бўлган 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, ҳар бири бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилади ва «Касбий таълим устаси» лавозими жорий этилади.
Тадбиркорлар, уста ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқувчиларнинг қизиқишидан келиб чиқиб касбий таълимга йўналтирилган машғулотлар ўтказилади, касб тўгараклари ташкил этилади.
Мактабдаги бўш жойлар тадбиркорларга ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун текин фойдаланишга берилади. Уларга солиқ ва бошқа бир қатор имтиёзлар берилади.
Ўқув курсини тамомлаб, имтиҳондан ўтган ўқувчиларга малака сертификати берилади.
«Мақсадимиз - мактаб битирувчиси ҳеч бўлмаганда битта касбни эгаллаб катта ҳаётга қадам қўйсин», – деди Президент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter