Президент мактабига кирган Айжамал оилавий шароит сабаб ўқимоқчи эмас эди, аммо...
Қорақалпоғистонлик Айжамал Сакбергонова тақдири қизиқ. У ёлғиз онаси турмуш ташвишларидан ортиб, уни ўқишга юбормаслигини биларди. Чунки у кичик укасига қараши керак эди. Аммо билим ўз кучини кўрсатиб Айжамал юқори натижага эришди.
«Нукус шаҳридаги Президент мактабига 2-ўрин билан ўқишга қабул қилинган Aйжамал эсингизда бўлса керак?
Унинг ўқишга киргани лекин оилавий шароит сабаб онаси Нукусга юборишни истамаётгани ҳақида агентлик саҳифаларида хабар бергандик. Бу жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.
Энг қизиғи, Aйжамалнинг онаси қизини имтиҳонга юбораётганда «тестнинг бир-иккитасини хато ечгин», деб тайинлаб юборган. Иқтидорли қизалоқ онаси айтгандек қилади. Лекин билими кучлилиги сабаб, Президент мактабига 2-ўрин билан ўқишга қабул қилинади!
Aйжамалнинг воқеасини эшитишим биланоқ, «у каби иқтидорлилар албатта Президент мактабида ўқиши керак, унинг онасини кўндиришимиз лозим», деган фикр хаёлимдан ўтди.
Ўша кунлари Самарқанд, Навоий ва Aндижон вилоятларидаги мактабларнинг очилиш тадбирларида иштирок этишим режалаштирилганлиги сабабли, Қорақалпоғистонга хизмат сафарига юборилаётган Aгентлик ходимларига топшириқ бердим...
Натижа биз кутганимиздек — ижобий!
Aйжамалнинг ўқитувчиси ва онасининг фикрлари ҳамда воқеалар ривожи билан махсус тайёрланган видеоролигимиз орқали танишишингиз мумкин.
Ўқувчимизнинг ўқишига, келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилайман. Умид қиламанки, у мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган, юртимизга муносиб фарзанд бўлиб етишади. Омад ёр бўлсин, Aйжамал!», деб ёзади ўзининг Facebook саҳифасида Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова.
Энг муҳими, алал оқибат Айжамал Президент мактабида ўқийдиган бўлди. Ҳилола Умарова телеграм каналида эълон қилинган видеодан кўриш мумкинки, масала ижобий ҳал қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter