Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент «Ҳаёт мактаби» дастурини амалга ошириш ташаббусини билдирди

Президент «Ҳаёт мактаби» дастурини амалга ошириш ташаббусини билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати манзилли ва кенг қамровли. Хусусан, ўтган йили 9 минг 406 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш имконияти яратилди. Натижада ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга қисқарди. Айни пайтда етакчиларнинг тавсияси асосида йигит-қизларга 25 та ёрдам турлари кўрсатилмоқда.

Ёш авлоднинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида 14-30 ёшдаги 9 миллион нафар ёшларнинг баланси шакллантирилди. Бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорини юзага чиқариш мақсадида 5 босқичли «Беш ташаббус олимпиадаси» ўтказиб келинмоқда.

Йиғилишда бу борадаги ишларни давом эттириб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари битирувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлашга қаратилган «Ҳаёт мактаби» дастурини амалга ошириш ташаббусини билдирди.

Ёшларни эътибор ва ғамхўрлик билан тўла қамраб олиш мақсадида улар «маҳалладан вазирликкача» тизими орқали давлат идораларига бириктирилиши белгиланди.

Ёшларга ажратилаётган маблағларнинг шаклланиши ва молиялаштириш жараёнларини рақамлаштириб, мақсадли йўналтириш вазифаси қўйилди. Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес кўникмаларини ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди.

Ёшларимиз санъат, адабиёт, спорт соҳаларида ҳам интилувчан. Уларга бундай имкониятларни яқинлаштириш мақсадида ҳудудларда “Маданият карвони” тадбирлари, фестиваллар, интеллектуал ва спорт мусобақалари ўтказилади. Ёшлар сайлгоҳлари, креатив парклар ташкил этилади.

Ёшларни ёт ғоялар хуружидан ишончли ҳимоя қилиш учун муқобил ахборот ресурслари яратиб, бойитиб бориш муҳимлиги айтилди.

Йиғилишда мутасаддилар жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ахборот берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг