Президент футбол бўйича терма жамоа аъзоларини мукофотлашга доир ҳужжатни имзолади

Кеча, 5 июнь куни Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган БАА-Ўзбекистон ўйинидан сўнг Президент Мирзиёев миллий терма жамоа аъзолари билан боғланиб, уларни тарихий ғалаба билан табриклаган ва бош мураббий Тимур Кападзе бошчилигидаги барча футболчиларни «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан мукофотлашини маълум қилган эди.
6 июнь куни «мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва кенг оммалаштириш, халқимиз орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қўшган катта ҳиссаси, футбол бўйича Осиёнинг энг кучли жамоалари ўртасидаги саралаш мусобақаларида чинакам жасорат ва матонат фазилатларини, юксак профессионализм ва азму шижоат намунасини кўрсатиб, улкан ғалабага эришгани – Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини юксалтириш, ёш авлодни она юртга муҳаббат, миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларида фаол иштирок этиб келаётгани учун» бир гуруҳ фуқароларни мукофотлашга доир Президент фармони қабул қилинди.
Унга кўра, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Тимур Кападзе бошчилигидаги 25 нафар футболчи «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президентининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, миллий терма жамоанинг 8 нафар (жумладан, собиқ бош мураббий Сречко Катанец ҳам) мураббий ва мутахассислари «Дўстлик» ордени билан, терма жамоа шифокори Алишер Арипов II даражали «Саломатлик» ордени билан, 3 нафар терма жамоа физиотерапевти «Соғлом турмуш» медали билан ҳамда ЎФАнинг 11 нафар (жумладан, Даврон Файзиев) ходими «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter