Президентнинг янги фармони эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.
Фармон билан Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) ҳамда Концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланди.
Концепция ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:
а) илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш борасида:
- илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизимини жорий этиш;
- илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳаларни амалга ошириш;
б) илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш борасида:
- 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш;
- 2025 йилга қадар илм-фанни умумий молиялаштириш ҳажмида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига хусусий сектор томонидан ажратиладиган маблағлар улушини амалдаги 8 фоиздан 20 фоизга, 2030 йилгача эса 30 фоизга етказиш;
- инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида хорижий етакчи инвестиция компаниялари билан ҳамкорликда 2021 йилда 2 та, 2025 йилда 10 та венчур жамғармаларини ташкил қилиш;
в) юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга йўналтириш борасида:
- илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёшини 2025 йилга қадар 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказиш;
- 2025 йилга қадар 39 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг умумий сонида юқори малакали илмий ходимларнинг (фан номзоди, фалсафа ва фан докторлари) улушини 2 бараварга, 2030 йилгача эса 3 бараварга ошириш;
г) илм-фанни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш борасида:
- 2025 йилга қадар илмий-тадқиқот ва ишланмалар соҳасидаги технологик инновацияларга харажатларнинг умумий ҳажмида ташкилотнинг ўз кучи билан бажарилган технологик инновацияларга харажатларнинг улушини 3,5 бараварга, 2030 йилгача эса 9 бараварга ошириш;
- 2021 йилда «Яшнобод» инновацион технопаркининг резидентлари сонини 60 тага етказиш ва шу асосда инновацион маҳсулотлар тури ва ҳажмини ошириш, шунингдек, 720 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;
- 7 та замонавий лаборатория мажмуаларини ташкил этиш, уларни GLP ва GMP жаҳон стандартларига мос ускуналар билан жиҳозлаш.
д) илм-фан тараққиётига кўмаклашувчи замонавий ахборот муҳитини шакллантириш борасида:
- миллий илмий портални яратиш;
- олимлар, ташкилотлар, илмий-техник ахборот манбалари рейтингларини жорий этиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter