Президент фармони эълон қилинди
Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек, жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш юзасидан билдирилган таклифларни инобатга олиб:
Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқлайди;
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, 2021 йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиради ҳамда уни 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассисларини шартнома асосида муайян муддатга жалб қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ушбу раҳбар ходимлар ва мутахассисларга асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини сақлаган ҳолда, улар жалб қилинган тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидаги ойлик иш ҳақини тўлиқ тўлаб берилишини, ушбу харажатлар ҳамда уларнинг уй-жой ижараси тўловларини Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилишини таъминлайди.
Марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10 фоизи 2022 йил 1 январдан бошлаб, яна қўшимча 10 фоизи 2023 йил 1 январдан бошлаб тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказилади;
бундан бўшайдиган Давлат бюджети маблағлари туман (шаҳар) шифохоналарининг дори воситалари, реактивлар ва тиббиёт ускуналари таъминотини яхшилашга ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларида қўшимча койка фондини ташкил этишга йўналтирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар 2022 йил учун, 2022 йил 1 октябрга қадар эса 2023 йил учун ҳар бир туман (шаҳар) шифохоналари кесимида бўшайдиган маблағлар ҳажмини ва уларни ишлатиш йўналишларини белгилаб беради.
2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга оширади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади:
махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган «мобиль тиббиёт» хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;
нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат «тиббий пункт»ларини ташкил этиш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этади.
Молия вазирлиги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бепул даволанишга ордерлар бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирлари учун бюджет параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилади.
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси 2021 йил 1 июлдан унга Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика марказини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter