Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент аҳолини арзон гўшт билан таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказди

Президент аҳолини арзон гўшт билан таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни чорвачилик ва боғдорчилик тармоқларини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожида ушбу тармоқларнинг муҳим эканлиги инобатга олиниб, кейинги икки йилда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ўзбекчорванасл», Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш, Узумчиликни ривожлантириш агентликлари ташкил этилди.

Йиғилишда чорвачилик тармоғида бажарилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама этилди. 2019 йилда «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида чорвачиликни ривожлантириш учун 1 триллион 603 миллиард сўм, паррандачиликка 332 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада майда шохли чорва сони 550 минг бошга, парранда сони 6 миллион 130 мингтага кўпайди. 

Йиғилишда аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қилинган ишлар етарли эмас, деб баҳоланди. Чорвачилик тармоғининг долзарб муаммоси ҳисобланган узлуксиз озуқа-ем таъминотини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди. Бугунги кунда чорвачиликда озуқага бўлган эҳтиёж фақатгина 30-35 фоизга қондирилади. Хусусан, паррандачиликда озуқанинг 85 фоизи импорт ҳисобига таъминланади.

Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир, Қўнғирот, Кегейли ва Мўйноқ туманларида 1 миллион гектар пичанзор ва яйлов ерларида 182 минг бош чорва моллари боқишга мўлжалланган 486 та лойиҳа ишлаб чиқилди.

Мутасаддиларга 2019-2021 йилларда 300-500 бош чорва боқишга мўлжалланган 270 та бўрдоқичилик комплекси ва 260 та сутчилик корхонасини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш топширилди.

Чорвачилик соҳасида маҳсулдорликка эришиш учун аввало наслчилик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Йиғилишда Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига хорижий тажриба асосида наслчиликни ривожлантириш ва маҳсулот нархини пасайтириш учун харажатнинг бир қисмини субсидиялаш механизмини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг