Потенциал хавфли астероид Ерга яқинлашмоқда
Потенциал хавфли синфга киритилган 2016 AJ193 астероиди Ерга яқинлашмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» Москва планетарийсига асосланиб хабар берди.
Астероид 21 август куни Ерга яқин келади, бироқ хавф туғдирмайди.
«Ерга яқинлашувчи» тоифасига киритилган талайгина астероидлар бор. Жуда узоқ келажаккача бўлган даврда Ерга 7,5 млн. километр ва ундан яқинроқ келувчи астероидлар потенциал хавфли объектлар саналади. NASA мутахассислари ҳисоб-китобларига кўра, 2016 AJ193 астероиди 21 август куни Ерга 3,4 миллион километр масофагача яқинлашади. Учар астероиднинг диаметри 1,4 километр атрофида экани тахмин қилиняпти», — дейилади планетарий берган маълумотда.
Барча кузатувлар тарихида мазкур тоифа астероидлар Ер атрофида бундан ҳам яқин масофада ўтиб кетган. Хусусан, 2011 йилда катталиги 100 ва 360 метрли астероидлар сайёрамиздан 384 минг километр олисликда ўтиб кетган. «Юз йил давомида астероидларнинг бунчалик яқин масофада ўтиши 30 дан ортиқ маротаба кузатилган. Астероидларнинг учиб ўтиши ҳақидаги барча олдиндан қилинган башоратлар ўзини оқлаган», — дейилади планетарий матбуот хизмати хабарида.
Олимларнинг назарида, энг хавфли осмон жисмлари — астрономлар кузатишга муваффақ бўлмаган объектлар, уларни фақатгина Ерга тушганидан кейин биламиз. Тунгус ва Челябинск метеоритлари шулар жумласига киради.
«Коинотнинг «кутилмаган меҳмонлари» энг катта хавф туғдиради. Бунақа ҳодисалар юз йилда бир марта содир бўлади», — таъкидланади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter