Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Полшага юбораман деб пулларни «еб кетган» шахс қамоқдан қутулди

Полшага юбораман деб пулларни «еб кетган» шахс қамоқдан қутулди

Фото: Xabar.uz

Польша давлатига ишга юборишни ваъда бериб, фуқароларнинг пулларини ўз эҳтиёжига сарфлаган шахс «айбини ювиб», қамоқ жазосидан қутилди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилояти судисудьяси Нозимжон Жўраев маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, «S.G. G.» МЧЖ раҳбари А.С.  ўзи ташкил қилган фирма орқали фуқароларни хориш давлатига ишга жўнатиш важи билан уларга тегишли бўлган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб келган.

2021 йил октябрь ойидан буён  Р.Г. ва С.Ж.ларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уларга Польша давлатига виза расмийлаштириб бериб, ишга юборишни ваъда қилган ва ишонтириш мақсадида сохта шартномалар тузган.

Ҳар икки фуқаро номидан Ева Соколовская номига «Капиталбанк» томонидан берилган пластик картага уларнинг 10.000.000 сўм миқдоридаги пулларини кўчириб олишга эришган. Сўнгра уларга Польша давлати компаниясидан таклифнома юборилгани тўғрисида сохта ҳужжатларни тақдим этган. Аслида,  ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб, жабрланувчиларга моддий зарар етказган ва фирибгарлик жиноятини содир қилган.

«Орадан қарийб, икки йил ўтишига қарамай, А.С. бизни Польша давлатига ишга жўнатмади. Ўзини олиб қочиб, турли баҳоналарни рўкач қила бошлади. Шундан сўнг биз, тегишли ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик»,-дейишди фуқаролар.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг ҳукмига кўра, А.С.нинг ҳатти-ҳаракатлари ўрганилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 3-қисми, «б» банди қўлланилган ва 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Судланувчи А.С. апелляция инстанциясига шикоят билан мурожаат қилиб, жабрланувчиларга етказилган 10.000.000 сўм зарарни қоплаб, ўзига нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ажрими билан жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берган айбдорга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг