Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пўлат Бобожоновга шикоятларга тўла навбатдаги видеомурожаат йўлланди

Пўлат Бобожоновга шикоятларга тўла навбатдаги видеомурожаат йўлланди

Фото: Скриншот

Бу сафарги видео мурожаат эгаси Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Отабаев Сардорбек Мирзамурод ўғли.

Сардорбек 2011-2015 йилларда ИИВ академиясида ўқиган, олий маълумотли ҳуқуқшунос.

Видео Ички Ишлар Вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат шаклида тайёрланган.

Катта лейтенант Отабаев ўз видео мурожаатида Наманган шаҳар ИИБ, 2-сонли ИИБ да содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан шикоят қилган.

Унда айтилишича, Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ раҳбари қўл остидаги профилактика инспекторларига ҳар куни 5 тадан маъмурий баённома тузиш, бир йилда 2 та маъмурий назорат ўрнатиш каби ноқонуний талабларни режа қилиб белгилаб берган. Бу режаларни бажармаган ходимларга ишдан ҳайдалиш таҳдиди қилинган. Ёки ҲПБ бошлиғига 50 АҚШ доллари берилса, режа бажарилган деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, кадрлар бўлими бошлиғи доимий равишда ноқонуний тарзда хуфиёна хизмат текширувларини ўтказиб келади. Тартиб бўйича бир ходим раҳбарлик лавозимида 5 йилдан ортиқ ишлаши мумкин бўлмаса-да, майор қўл остида бир шахс 10 йилдан бери ишлаб келмоқда.

Шаҳар ИИБ бошлиғи маҳаллийчиликка йўл қўйиб асосий раҳбарлик лавозимларига ўзининг ҳамқишлоқлари ва яқин танишларини тайинлаб қўйган.

Катта лейтенант Отабаев видео мурожаатда айтишича, профилактика инспекторларига бир ой давомида 15 тадан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик, жарима миқдори 270 минг сўмдан 810 минггача ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ) бўйича маъмурий баённома тузиш мажбурий режа қилиб қўйилган. Бундан оддий аҳолига шунча жарима солаверишдан профилактика инспекторларининг виждонлари қийналади. Лекин юқоридан келган буйруқ сабабли мажбур қилишади.

Агар мажбурий юклама бажарилмаса, раҳбарлардан куракда турмайдиган, ўта ёмон ҳақоратлар эшитишади.

Қачонгача профилактика инспекторлари ҳудудий раҳбарларнинг юқори раҳбариятга яхши кўриниш учун қилаётган ҳаракатлари сабабли оддий халқ кўз ўнгида душман сифатида кўринади, дейилади хабарда.

Қайсидир ходим ҳаққини талаб қилса, босим қилинади.

Видео мурожаатда катта лейтенант Отабаев келтирилган айтиб ўтилган вазиятлар учун факт ва далиллари борлигини, шу вазият сабабли ишдан бўшатишадиган бўлса, қўрқмаслигини, мурожаатининг ҳуқуқий оқибатларига тайёрлигини, нияти кимнидир ёмон отлиқ қилиш эмас, тизимдаги муаммоларни олиб чиқиш орқали Ички Ишлар ходимдарининг ижтимоий меҳнат шароитларини яхшилашга ҳаракат қилишдан иборат эканлигини такидлаб ўтган.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов юқоридаги вазият бўйича ҳолатни назоратга олиб, мурожаатда санаб ўтилган муаммолар юзасидан тегишли текширувлар ўтказиб, нафақат Наманган шаҳри ёки Қува тумани, балки бутун Республика бўйича Ички Ишлар ходимларининг ижтимоий хизмат фаолияти яхшиланиши учун тегишли чораларни кўриши, шунингдек, вазият юзасидан ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсовдан муносабат кутиб қолиши маълум қилинган.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қува тумани Байналминал МФЙ профилактика инспектори лавозимида ишлаган Нозимжон Нишонов Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга видеомурожаат билан чиққани ҳақида хабар берилганди.

Кўп ўтмай ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов ушбу ҳолатга муносабат билдириб, ИИО собиқ ходими Н.Нишонов томонидан Қува тумани ИИБ раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича тарқатаётган важлари ўрнатилган тартибда текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.

Шундан сўнг Фарғона вилояти ИИБ «Профилактика инспектори» видеомурожаати юзасидан расмий баёнот берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг