Пўлат Бобожонов Бухорода 13 мансабдорни жазолади
Бухоро вилоятида фаолияти давомида асоссиз хотиржамликка берилиб, бир қатор камчиликка йўл қўйган 5 нафар сектор раҳбари ва 8 нафар масъул раҳбарга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилган.
Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи 17-20 май кунлари Бухоро вилоятининг барча туман-шаҳарларида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганган.
Айтилишича, республика ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганишлари якуни бўйича, вилоят сектор ва мутасадди ташкилотлари раҳбарлари иштирокида танқидий йиғилиш бўлиб ўтган. Вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш аҳволи қониқарли даражада эмаслиги ишчи гуруҳ масъуллари томонидан қаттиқ танқид остига олинган. Жумладан, ўтган йилда ҳал этилмаган мурожаатларнинг 80 фоизи қайта ўрганилиб, муаммолар бартараф этилган. Вилоят мутасаддилари эса тўғри тушунтириш билан чекланган холос.
Шунингдек, маҳаллаларда 4,3 км. ичимлик суви тармоғи тортилган, 19 км. газ қувурлари таъмирланган, 8 512 дона суюлтирилган газ балонлари тарқатилган, 5,1 км. ички йўлларга шағал ва 4,9 км. асфалт ётқизилган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида 109 та пиёдалар ўтиш йўлаги чизилган, 179 та йўл белгиси ва светофорлар ўрнатилган.
Вилоят ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 120 та жиноий ҳолат ва 151 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган, илгари содир этилиб, очилмасдан қолган 12 та жиноят фош этилган, 14 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Махсус «Авторейд» тадбирларида эса 4010 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter