Покистон–Ҳиндистон: уруш муқаррарми? (фото)

Сўнгги 70 йилда икки давлат ўртасида ўнлаб уруш ва қуролли тўқнашувлар рўй берган.
Покистон ахборот вазири Атоуллоҳ Тарар ҳукумат Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида ҳужум уюштириши ҳақида ишончли маълумотга эга эканини маълум қилди. Покистон вазири Ҳиндистон ҳарбий ҳужум амалга оширса, қатъий ва кескин жавоб берилишини таъкидлаган.
Айни пайтда Ҳиндистон ҳукумати армия қўмондонлигига ҳарбий ҳаракатлар борасида тўлиқ эркинлик бергани ҳақида хабар тарқалди. Хўш, ядро қуроли ва қудратли армияга эга икки қўшни давлат ўртасида уруш рўй бериши муқаррарми?

Покистон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини шай ҳолатга келтирган.
Фото: Getty Images
Маълумот ўрнида, Деҳли ва Исломобод муносабатларида кучли таранглик юзага келишига жорий йил 22 апрель куни Ҳиндистон назоратидаги Жамму ва Кашмир штатининг Паҳалгам туманида қуролли гуруҳ томонидан ҳужум уюштирилгани сабаб бўлди. Ҳиндистон ҳукумати 26 кишининг ўлимига олиб келган ушбу терактда Покистонни айблади. Покистон ҳукумати бу айбловни буткул рад этди.
Терактдан кейин икки давлат ўзаро виза чекловлари жорий этди, дипломатик алоқаларни деярли узди, савдо-сотиқни тўхтатди, ўзаро ҳаво ҳудудларини ёпди. Ҳиндистон бир томонлама Ҳинд дарёсидан фойдаланишга доир битимдан ҳам чиқди. Ҳинд дарёси сувининг Покистонга ўтишини тўхтатиш иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлган Исломободга қарши уруш эълон қилиш билан баробардир.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ушбу ихтилофнинг илдизи Буюк Британия мустамлакачилигидан мерос десак муболаға бўлмайди. 1947 йилда инглиз империясидан мустақил бўлган Ҳиндистон ва Покистон Жамму ва Кашмирга эгалик даъво қилади. Деҳли ҳукумати ҳудудни идора этиб келган ҳинд рожаси Ҳиндистонга қўшилиш ҳақидаги битимни имзолаганини дастак қилиб кўрсатади. Покистон ҳукумати эса ўша битимни имзолашда Кашмир аҳолиси фикри инобатга олинмаганини таъкидлайди. Покистон ҳукуматига кўра, аҳолининг асосий қисми мусулмон бўлган Кашмирнинг Исломобод назоратида бўлиши халқаро ҳуқуққа ҳам, Деҳли билан ўзаро келишувга ҳам мосдир.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг миллатчиликка асосланган сиёсати зиддиятни янада кучайтирмоқда. 2014 йилдан буён Ҳиндистонга етакчилик қилиб келаётган ушбу радикал позициядаги сиёсатчи 2019 йилда Жамму ва Кашмир штатининг конституциявий автономия мақомини бекор қилган.
Етмиш йилдан ошиқ вақт давомида ҳудуд учун уч марта кенг миқёсли уруш ва ўнлаб қуролли тўқнашувлар содир бўлган. Сўнгги қуролли тўқнашувлар 2016 ва 2019 йилларда рўй берган.
Ҳиндистон ҳукумати ҳозирга қадар Кашмирда терактга алоқадорлик гумони билан 1500 дан зиёд кишини ҳибсга олган. Ўн нафар эҳтимолий айбдорнинг уйи намойишкорона бузиб ташланган. Аммо сўнгги ўн бир йил мобайнида Нодининг диний миллатчилик тарғиботидан озиқланиб келган ҳинд жамоатчилиги ҳукуматдан Покистонга қарши кескин жавоб чораларини талаб қилмоқда.
Ҳиндистондаги Observer Research Foundation тадқиқот маркази вице-президенти Нандан Унникришнаннинг фикрича, кенг миқёсли уруш ҳар икки давлат манфаатларига тўғри келмайди. Аммо Ҳиндистон жамоатчилик босими остида қуролли ҳужум уюштириши лозим. Экспертга кўра, Ҳиндистон 2019 йилдаги каби Покистондаги айрим ҳудудларга зарба бериш билан чекланади. Покистон ҳам шундай чекланган тарзда жавоб қайтарса, зиддият чуқурлашмаслиги мумкин.
Ҳарбий тарихчи Шринатх Рагхаван ҳам BBC’га берган изоҳида 2016 ва 2019 йилги зиддиятларни ёдга олган. Ўшанда Ҳиндистон Кашмирнинг Покистон назоратидаги қисмига – эҳтимоий жангарилар лагерига авиазарба берганди.
“(Ҳиндистон) ҳам ички аудитория, ҳам Покистондаги сиёсий ўйинчиларга қатъиятни намойиш этиш учун кескин жавоб берса керак. 2016, хусусан, 2019 йилдан кейин трансчегара ва авиазарба даражасидаги жавоб ҳаракати (норасмий қоида тариқасида) белгиланган эди. Эндиликда Деҳли ҳукумати айни шу даражадан паст ҳаракат қилмаслиги керак. Покистон эса аввалгидек жавоб қайтарса ажаб эмас”, – дейди Шринатх Рагхаван.
Ташқи сиёсат бўйича эксперт Майкл Кугельман ҳам Ҳиндистоннинг харбий жавоби эҳтимоли юқори деб ҳисоблайди. Чунки ҳинд жамоатчилиги жавоб чора кўрилмаслигини кечирмайди.
Аксар таҳлилчиларга кўра, миллатчилик руҳида сиёсат олиб бораётган Нарендра Моди айни вақтда ўзи қазиган чоҳга ўзи тушишга мажбур. Яъни у сўнгги йилларда сайловларда ғалаба қозониш учун Покистон ҳамда аксилмусулмон тарғиботига зўр берди. Оқибатда ҳинд жамоатчилигида мусулмонларга қарши кайфият ортди.
Халқаро инқироз гуруҳи катта таҳлилчиси Правин Дхонтининг таъкидлашича, бош вазир Нарендра Моди ва унинг ҳукумати жавоб зарбаси борасида жамоатчиликнинг кучли босими остида қолмоқда.
“Ҳукумат ва иқтидордаги Ҳиндистон халқ партиясининг (Бҳаратия Жаната партияси – таҳр.) Покистонга нисбатан душманларча риторикаси сабаб эндиликда жамоатчилик шундай қадамни кутмоқда”, – дейди Правин Дхонти.
Исломободда жойлашган Хавфсизлик муаммолари маркази ижрочи директори Имтиёз Гул ядро қуролига эга икки давлат ўртасидаги таранглик кенг миқёсли урушга айланиб кетмайди деб ҳисоблайди. Унинг тахминича, ядро қуроли томонларни кескин қадамлардан қайтаради.
Аммо яна бир гуруҳ таҳлилчилар гарчи томонлар жараённи ўз назоратида тутиб туришга умид қилаётган бўлса-да, вазият буткул назоратдан чиқиши ва кенг қамровли уруш бошланиб кетишини ҳам айтмоқда.
Покистонннинг АҚШдаги собиқ элчиси Малиҳа Лодхи Деҳлининг ҳужумига Исломобод кескин жавоб қайтаришидан огоҳлантирган.

Ҳиндистон чегарада назоратни кучайтирган.
Фото: Reuters
“Ҳиндистонда ядро қуроли орқали тийиб туриш шароитида уруш чекланган тарзда кечади деган фикр янграмоқда. Аммо бу борада жиддий хатарлар мавжудлигини унутмаслик керак. Зиддият назоратдан чиқиб кетишини инобатга олиб, бундай сценарийдан (жавоб сифатида ҳужум уюштириш назарда тутилмоқда – таҳр.) қочиш керак”, – дейди собиқ элчи.
Дунёнинг кўплаб етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ҳиндистон ва Покистон расмийлари билан мулоқот қилиб, тарангликни юмшатишга чақирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter