Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Покистонда икки ЙТҲ оқибатида 34 киши қурбон бўлди

Покистонда икки ЙТҲ оқибатида 34 киши қурбон бўлди

Покистонда бугун, 25 август куни автобуслар иштирокида иккита ЙТҲ содир бўлди. AFP ва Reuters агентликлари маълумотларига кўра, қурбонларнинг умумий сони 34 кишини ташкил этади. Улар орасида Эронга йўл олган зиёратчилар ҳам бор.

AFP хабарига кўра, биринчи бахтсиз ҳодиса Покистон шимоли-шарқидаги Панжоб вилояти билан чегарадош Азад Паттан шаҳри яқинида содир бўлган. Автобус ағдарилиб, жарликка қулаган. Маҳаллий амалдор Фарук Аҳмаднинг айтишича, 22 киши, жумладан 15 эркак, 6 аёл ва 1 бола ҳалок бўлган.

Иккинчи воқеа Балужистондаги Макран шоссесида содир бўлди. 25 кишини олиб кетаётган автобус ҳам жарликка қулаган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи белгиланган тезликдан ошиб кетган ва бошқарувни йўқотган. Жами 12 киши ҳалок бўлди.

Расмийларнинг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида Арбаин тадбирида иштирок этиш учун Эронга бораётган зиёратчилар ҳам бор. Аммо ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар туфайли уларга чегарадан ўтишга рухсат берилмаган ва уйга қайтиш учун автобусга ўтирган.

AFP`нинг таъкидлашича, Покистонда транспорт инфратузилмаси эскирганлиги ва ҳайдовчилар малакасининг пастлиги туфайли қурбонлар сони кўп бўлган йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлади. 21 август куни Покистондан Ироққа кетаётган автобуснинг ҳалокатга учраши оқибатида 35 киши ҳалок бўлганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг