Покистон Ҳиндистонга қарши кенг кўламли ҳарбий операцияни бошлади

Покистоннинг Geo TV телеканали мамлакат хавфсизлик идораларидаги манбаларига таяниб, Ҳиндистонга қарши «Банбян-ул-Марсус» («Мустаҳкам девор») номли йирик ҳарбий операция бошланганини маълум қилди.
Бир муддат аввал Ҳиндистон армияси Исломобод яқинидаги «Нур Хон» ҳарбий-ҳава базаси, Панжобнинг Чаквал туманидаги «Мурид» авиабазаси ҳамда «Шоркот» ҳаво базасини нишонга олгани ҳақида хабар берилган эди.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакатнинг ядровий арсеналини назорат қилувчи Миллий қўмондонлик йиғилишини чақирди. Кейинчалик операция бошлангани ҳақидаги хабар Покистон ҳукуматининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҳам эълон қилинди.
Операция доирасида Покистон армияси Ҳиндистон ҳудудидаги кўплаб стратегик нишонларга зарба беришни режалаштирган. Хабар берилишича, дастлабки зарбалар натижасида Ҳиндистон ва Россия ҳамкорлигида ишлаб чиқариладиган BrahMos гипертовушли ракеталари омбори йўқ қилинган.
Бундан ташқари, Ҳиндистон электр тармоғининг 70 фоизга яқини ишламай қолган. ZKG Top ҳудудидаги штаб-квартира ва Ури шаҳридаги таъминот омбори ҳам вайрон қилинган.
Шунингдек, нашр манбалари маълумотига кўра, операция давомида Покистон Ҳиндистоннинг Удҳампур ва Патҳанкот авиабазаларига, армия бригадаси штаб-квартирасига ва йирик ҳарбий омборга зарба берган.
«Покистон қуролли кучлари сўнгги пайтларда юзага келган минтақавий тарангликдан келиб чиқиб, юқори шай ҳолатга келтирилди ва тўлиқ тайёр. Сўнгги ҳарбий жавоб фақат мудофаа эди», – дейди Покистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар.
Вазирнинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият «Ҳиндистонга ўз хатоларининг жиддийлигини англатишда»ги ролини бажариши керак. У Нью-Деҳлининг сўнгги икки кундаги ҳаракатларини қоралаб, уларни «доимий ёлғонлар оқими» деб таърифлади.
«Ҳиндистон ўз провокацияларини давом эттиргунча кута олмаймиз», – дея қўшимча қилди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter