«Pfizer» коронавирусга қарши вакцинаси ҳақида шов-шувли баёнот берди
Американинг «Pfizer» фармацевтика компанияси ўз твиттерида жойлаган хабарга кўра, унинг коронавирусга қарши вакцинасини Цельсий бўйича -25 ...-15 даража ҳароратда ҳам сақлаш мумкин.
Умуман олганда, барча вакциналарни сақлаш учун стандарт ҳарорат: -46...-36°C. Фармацевтика музлатгич камераларининг кўпи бундай имкониятга эга.
«Бугун биз ўз тадқиқотларимизни АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармонлар бошқармаси билан муҳокама қилдик. Янги маълумотлар бизнинг Covid-19га қарши вакцинамизни -25°C дан -15°C гача ҳароратда ҳам сақлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бу фармацевтика музлатгич камералари ва оддий совутгичлар учун стандарт ҳарорат», — дейилади «Pfizer» хабарида.
Ҳолбуки, компания шу пайтгача «Pfizer» вакциналарини -70°C дан юқори бўлмаган ўта паст ҳароратда сақлаш кераклигини уқтириб келган. Шунинг учун ҳам АҚШда вакцинациялаш арафасида «махсус» музлатгич камералар бозорида чинакам тартибсизлик юзага келди. Барча шифохоналар ва маҳаллий ҳокимиятлар вакциналар сақланадиган музлатгичларни биринчи бўлиб қўлга киритишни истарди.
Ўта паст ҳароратни таъминловчи музлатгичнинг нархи 5 мингдан 15 минг АҚШ долларигача. Шу боисдан кўплаб штатлар раҳбарлари бюджет ҳисобидан бу харажатларни қоплашни ҳукуматдан талаб қилишди.
Бу орада «махсус» музлатгич ишлаб чиқарувчи АҚШдаги 4 компания ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ҳам улгурди. «Pfizer»га буюртма берган мамлакатлар ҳам «махсус» ва қиммат музлатгичлардан кўпини сотиб олганди. Булар асосан Буюк Британия, Япония, ЕИнинг аксарият мамлакатлари, Канада ва Австралия.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter