Перу собиқ президенти Алберто Фухимори вафот этди
Перунинг собиқ президенти Алберто Фухимори 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг қизи Кейко Фухимори хабар берди.
Келиб чиқиши Японияга бориб тақалувчи Алберто Фухимори 1990–2000 йилларда Перу президенти бўлган. Эътиборли томони, перуликлар el chino («хитойлик») деб ном қўйиб олган Фухиморо 1990 йилги сайловда бутун дунёга таниқли ёзувчи Марио Варгас Льоса устидан ғалаба қозониши кутилмаган воқеа бўлганди.
Кейинчалик собиқ президент коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, 2007 йилда 25 йилга қамалган. Уни исёнчиларга қарши «ўлим эскадронлари» тузиш ва 1991-1992 йилларда 25 кишининг ўлимига алоқадорликда, шунингдек, давлат пулларини талон-торож қилиш ва бошқа коррупция жиноятларида айблашган.
Фухиморининг саломатлиги ёмонлашгани сабабли 2017 йилда Перу президенти Педро Пабло Кучински томонидан афв этилган. Аммо турли ҳуқуқий тўсиқлар сабабли қамоқдан чиқиши олти йилга чўзилиб кетган.
Қизининг ёзишича, Фухимори узоқ йиллар саратон хасталиги билан курашиб келган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter