Марскезар «Қизил сайёра»да илк «қадамларини ташлади»
Марсга қўндирилган «Perseverance» ровери илк синов юришини амалга оширди, дея хабар берди NASA.
Бу бизнинг вақт билан пайшанба кунига тўғри келиб, 33 дақиқа давом этган. Шу вақт оралиғида олти ғилдиракли қурилма 6,5 метр юрган: тўрт метр олдинга, 150 даражага бурилиш ва ортга 2,5 метр.
Бу марскезарнинг келгусидаги тизим ва илмий ускуналари созланиши арафасида ўтказилган илк синов эди. NASA таъкидлашича, ровер масофадан туриб берилган барча буйруқларни сўзсиз бажарган, энди у келаётган икки йил давомида қаерга йўналтирилса ўша ёққа йўл олиб, илмий ўрганишлар билан шуғулланади.
«Илмий ишга киришган пайти ровер бир юришда 200 метр ва ундан кўпроқ масофага ҳаракатланишини кутяпмиз», — дейилади NASA хабарида.
Эслатиб ўтамиз, «Perseverance»га ўтган йил июль ойида Ердан старт берилган бўлиб, 2021 йилнинг февраль ойида Марсда муваффақиятли қўндирилганди. У шу пайтгача Марснинг фотосуратлари билан бирга видеосини ҳам Ерга узата олди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter