Пастдарғомдаги «қўрқинчли симёғочлар»ни янгилашга ваъда берилди
Бугун, 1 ноябрь куни «Xabar.uz» сайтида «Ташқарида XXI аср. Қишлоқларимизда эса бундай қўрқинчли аҳвол» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати таҳририят билан боғланиб, мазкур мақолада келтирилган ҳолат акциядорлик жамияти томонидан ўрганилганини билдирди ва қуйидагиларни маълум қилди:
«Пастдарғом тумани «Ўтарчи» маҳалласи янги қишлоғида электр энергияси таъминотини яхшилаш учун мавжуд 7587-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи электр узатиш тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017 – 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан, тез кунларда қурилиш ишлари амалга оширилишини маълум қиламиз. Айни пайтда «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг махсус ишчи-гуруҳи ташкил қилиниб, зарур таянчлар, электр узатиш кабел тармоқлари олиб бориш чоралари кўрилмоқда.
Пастдарғом туманидаги «Ўтарчи» маҳалласининг электр таъминоти билан боғлиқ ҳолат «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан назоратга олинди.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан ишга туширилган Call-Марказининг 11-54 рақами ёки «Telegram»даги «Hududiy elektr tarmoqlari» AJ bilan muloqot» канали (@hetmuloqot, @HET_admin) орқали ҳам ўз мурожаатларингизни йўллашингизни сўраймиз», дейилади ташкилот матбуот хизмати маълумотида.
«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter