Пастдарғомда номаълум йиртқич пайдо бўлди. Аҳоли қўрқувда, мутасаддилар эса бепарво
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани марказига яқин жойлашган Кичик Найман маҳалла фуқаролар йиғинидан «Xabar.uz»га келиб тушган мурожаатга кўра, ҳозиргача маҳалладаги 5 нафар фуқаронинг ҳовлисидаги қўйлар бўғизланган ҳолда топилган. Бу қандай йиртқич (бўри, ёввойи ит...) томонидан амалга оширилгани номаълумлигича қолмоқда.
Кичик Найман маҳалласи ҳудудидаги участка ветеринар врачининг маълум қилишича, у шу маҳалла раисига ҳам, туман ветеринария бўлимига ва туман ободонлаштириш бошқармасига ҳам бу ҳақда хабар берган. Лекин бир ҳафтадан бери бу муаммо юзасидан ҳеч қандай чора кўрилгани йуқ.
«Ҳозирда ҳудуд ветеринар врачи тавсиясига кўра, маҳалла аҳолиси ўртасида соат 23:00 дан соат 6:00 га қадар навбатчилик жорий қилинган. Эндиликда бу қўрқинчли ҳолат қўшни маҳаллалар ҳудудида ҳам кузатиляпти. Бунинг олдини олиш эса мутасаддиларнинг хаёлига ҳам келмаяпти. Бу номалум махлуқ яна қанча маҳаллаларда «ов»ини давом эттириши ва Пастдарғомдаги бу маҳаллалар аҳолиси қачонгача ваҳимада яшаши номалумлигича қолмоқда», дейилади мурожаатда.
Эътиборлиси, Пастдарғомда бу каби ҳолат биринчи бор содир бўлгани йўқ. Аввалроқ туман тиббиёт бирлашмасида дайди итлар «уя» қуриб олгани ва бу ҳолатни бартараф этишга масъуллар бефарқ ва беписанд қараётгани ҳақида хабар бергандик. Ёз фаслида дайди итлар мазкур туманнинг бозорини «эгаллашганди». Аҳолининг мурожаатларига на туман ҳокимлиги, на туман ободонлаштириш бошқармаси эътибор берди. «Xabar.uz» порталида кўтариб чиқилган бу муаммоларга на туман ва на Самарқанд вилояти ҳокимлигидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади.
Мана энди туман марказининг шундоққина ёнида номаълум йиртқич қўйларни бўғизламоқда ва яна бефарқлик... Қачон бунга чора кўрилади? Қачон вазиятга жиддий қаралади? Бугун ҳовлидаги қўйларни бўғизлаган йиртқич эртага одамларга, болаларга ҳамла қилмайди, деб ким кафолат бера олади?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter