Пассив ўлим. Сигарета тутуни чекмайдиган одамга қандай таъсир қилади?
Пассив чекиш қулоққа тез-тез чалиниб туради. Негаки кўпгина кишилар кашандалар чиқараётган тамаки тутуни қурбонига айланишдан хавотир олишади. Бу бежизга эмас. Негаки пассив чекиш ниҳоятда хатарли бўлиб, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин, деб ёзади «АИФ».
Қандай таъсир қилади?
Бир қарашда, сигарета тутуни фақат кашанданинг ўзига зарар етказадигандек туюлади. Чунки у сигаретадаги хавфли кимёвий бирикмаларни ўзига тортиб олади. Бироқ атрофдагиларга улар чиқараётган тутуннинг хавфи ҳам кам эмас.
— Пассив чекканда одамлар ён томонлама дозани олишади. Пассив ва актив чекканда организмга деярли бир хил моддалар тушади. Айниқса, чекаётган одамнинг ёнида узоқ вақт қолиб кетганда бир хил нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Ён томонлама тутун таркибида тахминан 4000 та кимёвий модда бўлиб, улар орасида 69 таси тажовузкор канцероген ҳисобланади. Энг хавфлилари: N-нитрозамин, хушбўй полиэфир, полициклик хушбўй углеводородлар, — дейди россиялик олий тоифали шифокор-терапевт Ольга Саакян. — Лекин барибир ён томонлама тутундаги хавфли моддалар концентрацияси чекувчининг ўзи оладиганга қараганда камроқ бўлади.
Оқибати
Табиийки, тамаки тутунидан нафас олганда чекмайдиган одам ҳам истайдими-йўқми соғлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келади.
— Пассив чекиш аллергиянинг зўрайиши, турли ЛОР-патологиялар, юрак-қон томир касалликлари, сурункали ўпка обструктив хасталиклари ва онкологик касалликлар хавфи ошишига олиб келади. Кўпинча хавфли ўсмалар ўпка, буйрак ва сут безларида келиб чиқади. Бу каби аянчли оқибатларнинг олдини олиш учун чекувчилар даврасидан қочишга ҳаракат қилиш лозим, — дейди Ольга Саакян.
Агар пассив чекиш оқибатида соғлик билан боғлиқ муаммолар келиб чиқса, зудлик билан шифокорга мурожаат этиш зарур. Албатта, чекувчи яқинлар билан гаплашиб олиши ҳамда иложи борича зарарни камайтиришга ҳаракат қилиши керак.
Чораси
— Кашанда билан бир уйда яшасангиз, ундан уйда чекмасликни, ташқарига чиқишини илтимос қилинг. Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг. Чекувчининг кийим-кечакларини вақтида ювиб-тозалашни унутманг.
Чекувчилар диққатига: пассив чекиш, айниқса, болалар ва ҳомиладор аёлларга хавфли. Уларни пассив кашанадаликка маҳкум этманг, — деб маслаҳат беради терапевт.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter