Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пандемия даврида ковиддан қанча тиббий ходим вафот этгани очиқланди

Пандемия даврида ковиддан қанча тиббий ходим вафот этгани очиқланди

Фото: Getty Images

Коронавирус пандемияси даврида – 2020 йил январдан 2021 йил май ойига қадар ушбу хасталикдан дунё бўйича 180 мингга яқин тиббий ходим вафот этган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди. Мазкур муддат ичида сайёрамиз бўйича COVID-19 касаллигидан жами 3,45 миллион киши вафот этган.

ЖССТ буни фожиавий йўқотиш деб атар экан, дунё ҳукуматларини тиббий ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш ва уларни эмлашга алоҳида эътибор қаратишга ундаган. 

«Барча тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этиш, хавфсиз, қулай муносиб иш шароити яратиш ахлоқий бурчимиздир. Эмланиш имконинии бериш ҳам шу сирага киради», – дейди ЖССТ бошқарма бошлиғи  Жим Кэмпбелл.

Ҳисоб-китобларга қараганда, дунё бўйича 135 миллиондан зиёд тиббий ходим фаолият юритмоқда. Улар Хитойнинг Ухань шаҳрида илк коронавирус аниқланган кундан бошлаб, таъбир жоиз бўлса, жанг майдонида ёвуз душманга қарши мардона кураш олиб бормоқда. Аммо жаҳон мамлакатларида тиббиётчиларни эмлаш кўнгилдагидек кечмоқда деб бўлмайди. 2021 йил сентябрь ҳолатига кўра, Африка ва Тинч океаннинг Ғарбий қисмидаги давлатларда тиббиёт ходимларининг 10 нафардан биттасигина вакцина олган. Ўзига тўқ давлатларда эса бу кўрсаткич 80 фоизни ташкил этади.

ЖССТ баёнотига кўра, сўнгги ойларда тиббиёт ходимлари орасида ковиддан ўлим кўрсаткичи камайди. Аммо хотиржам бўлишга ҳали эрта. Хасталик яна бош кўтариши ҳеч гап эмас.

ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус ҳам тиббий ходимларга ковидга қарши вакцина имтиёзли тартибда берилиши мақсадга мувофиқ эканини қайд этган.

Ўзбекистонда ҳам пандемия даврида ковиддан ўнлаб шифокорлар вафот этгани айтилади. 

Тошкентлик шифокор гастроэнтеролог Гулнора Имомназарова 2020 йил июль ойида коронавирусдан вафот этган тиббиёт ходимларига оид шахсий рўйхатини эълон қилган эди. Унда 40 дан зиёд тиббиёт ходимининг номи қайд этилган.

2020 йил ноябрь ойида Қашқадарё ҳокимлиги вилоятда 27 нафар шифокор ва ҳамшира коронавирусга қарши курашиш пайти вафот этганини маълум қилган.

«Фидокорлар» Телеграм канали эса 2020 йилда 485 нафардан ортиқ тиббиёт ходими вафот этгани ҳақида маълумот берган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада расмий статистика эълон қилганича йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг