«Ўзмиллийбанк» ва Чехия экспорт банки ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди
Жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг Чехия Республикасига ташрифи доирасида Прага шаҳрида Ўзбекистон-Чехия бизнес форуми бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакат ишбилармон доиралари ва йирик корхоналар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида «B2B» ва «B2G» форматидаги икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказилди. Бизнес форум якунлари бўйича томонлар ўртасида инновацион технологиялар, қишлоқ хўжалиги соҳалари, озиқ-овқат, фармацевтика, транспорт, электротехника, тўқимачилик, металлургия ва банк-молия йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга доир муҳим келишувларга эришилди. Шунингдек, салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди. 30 миллион евро миқдорида хорижий кредит линиясини жалб этиш бўйича «Ўзмиллийбанк» ва Чехия экспорт банки ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим банк-молия соҳасида эришилган муҳим келишув бўлди.
Мазкур кредит линиясининг асосий афзаллиги кичиқ ва ўрта бизнес лойиҳаларини Чехия экспорт кредит агентлиги (EGAP) томонидан қопланадиган қулай шартларда молиялаштириш имконияти ҳисобланади. Ушбу кредит линиясининг маблағлари бизнес форум якунлари бўйича эришилган келишувларни молиялаштириш, жумладан авиация соҳасини қўллаб-қувватлаш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва турли технологик ускуналарни модернизация қилишга йўналтирилади.
Бу кичик ва ўрта бизнес субъектларига янги лойиҳаларни ишга тушириш ва жорий тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш имконини беради. Натижада республикамизнинг барча вилоятларида янги иш ўринлари яратилади.
«Ўзмиллийбанк» АЖ
Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter