Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЎзМАА йил охиригача 1200дан ортиқ адабиётларни тақдим этади

ЎзМАА йил охиригача 1200дан ортиқ адабиётларни тақдим этади

Бугун Миллий матбуот марказида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилган «Маънолар махзани» ҳамда «Ёш раҳбар энциклопедик луғати» китобларининг тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда агентлик расмий сайтида хабар берилди.

Тақдимотда бугунги кунда ЎзМАА томонидан китоб ва китоб маҳсулотларини, китобхонликни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

— Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимида фаолият юритувчи «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари ҳамда «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан томонидан жорий йилда 1200 дан ортиқ номдаги адабиётларни чоп этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача уларнинг 500дан ортиғи ўқувчилар қўлига бориб етди. Бу каби тақдимотларни бундан кейин ҳар ойда, ҳар ҳафтада ташкил этиш мўлжалланган. Айниқса, сентябрь ойида китобхонларга жуда кўплаб адабиёлар тақдим этилади, — дея маълумот берди ЎзМАА бошқарма бошлиғи Жасур Ҳусанов.

Шунингдек, агентлик тизимидаги фаолият юритувчи «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» ДИН фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

— Мамлакатимизда ягона бўлган илмий нашриёт ўз олдига улкан вазифаларни қўйган. Масалан, йил охиригача яна 43 номдаги адабиётларни китобсеварларга етказиш режалаштирилган. Ушбу нашрларнинг 41 таси лотин алифбосида эканлиги уларнинг ўқувчилар доираси янада кенгроқ бўлишини таъминлайди, деган умиддамиз, — дейди Ўзбекистон миллий энциклопедияси» ДИН директори М.Одилов.

Тақдимотда сўзга чиққан филология фанлари доктор Б.Каримов, ЎзМАА Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси М.Омонов, филология фанлари доктор У.Жўрақулов ҳамда нашриёт муҳаррири Л.Ҳасановалар ушбу китобларнинг тайёрланишидан тортиб, уларнинг маъно-мазмуни, ўқувчиларга берадиган маънавий озуқаси ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг