Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек–Турк университети қачон очилади? Элчи жавоб берди

Ўзбек–Турк университети қачон очилади? Элчи жавоб берди

Элчи Олган Бекар.

Фото: Xabar.uz

Ўзбек–Турк университетини ташкил этиш бўйича икки томонлама музокаралар жадал давом этмоқда. Бу ҳақда Туркиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар 18 декабрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.

Тошкентда қўшма университет ташкил этиш ташаббуси икки давлат раҳбарига тегишли. Ушбу келишувга Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишида эришилган.

«Туркия Марказий Осиёда олий ўқув муассасалари ташкил этиш борасида катта тажрибага эга. Қозоғистон ва  Қирғизистонда турк университетлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Орттирилган тажрибага таяниб, Ўзбекистонда пешқадам ва нуфузли олий ўқув муассасаси ташкил этиш кўзланган. Шу боис ҳам тайёргарлик жараёни бироз чўзилаётгандек кўринмоқда. Аслида бу пухта ва изчил ҳозирлик талаб этади.  Бу борада 2024 йилда аниқ қадамлар ташланади деган умиддаман», – дейди Олган Бекар.

Аввалроқ Туркия олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар қўшма университетга доир тафсилотлар билан ўртоқлашганди.

Туркия элчиси икки қардош давлат кўплаб соҳалар қатори таълим жабҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади.

Ўзбекистондаги иккита ОЎМга (Тошкент архитектура-қурилиш институти – Эржан Каҳя, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети – Чидем Жанбай Туркйилмаз) туркиялик мутахассислик ректорлик қилаётир. Икки давлат ректорлари машваратлари мунтазам равишда ўтказилмоқда.

Туркия ҳукуматининг таълим грантлари дастури (Türkiye Bursları) бўйича ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар нуфузли университетларда бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичида таҳсил олиб келмоқда.

«2022 йилда «Türkiye Bursları» доирасида қарийб 120 нафар ўзбекистонликлар Туркияда ўқиш имконини қўлга киритди. Бундан ташқари, бошқа жамғармалар грантлари ҳам мавжуд. Ўйлайманки, таълим икки халқ орасидаги қардошликни янада мустаҳкамловчи муҳим йўналиш саналади», – дейди дипломат.

2023 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 3,2 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. Ўзбекистон ва Туркияни боғловчи авиақатновлар сони ҳафтасига 60 тага етди.

Элчига кўра, икки қардош ўлка ўртасидаги робиталарни тарихан янги босқичга кўтаришда давлат раҳбарларининг ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган дўстона муносабати муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг