Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: Истеъмолчилар эҳтиёжини таъминлаш мақсадида маҳаллий, шу билан бирга импорт ҳисобидан АИ-80 русумидаги автобензин етказиб берилмоқда

«Ўзбекнефтгаз»: Истеъмолчилар эҳтиёжини таъминлаш мақсадида маҳаллий, шу билан бирга импорт ҳисобидан АИ-80 русумидаги автобензин етказиб берилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 декабрдаги «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-440-сонли қарорига асосан 2023 йилнинг 1 мартига қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғи «ноль» ставкада қўллаш белгиланган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республика аҳолисига тегишли енгил автомобиллар сони 3 миллиондан ошган. Ушбу автомобилларнинг асосий қисми сиқилган газда ҳаракатланишга мослаштирилган.

Республика ҳудудида 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойида об-ҳаво ҳарорати кескин совуб кетганлги ҳамда автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилганлиги сабабли аҳолини Аи-80 русумли автобензинига бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошишига сабаб бўлди.

Бу эса ўз навбатида, автомобилларга ёқилғи қуйиш шоҳобчаларида тақчиллик ҳамда тирбандликларни вужудга келтирди.

Куз-қиш мавсумида республика истеъмолчиларини узлуксиз ва бир маромда автобензин билан таъминлаш, нархларни кескин ўсишини олдини олиш, бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш ҳамда ички бозорда танқислик ва талабни вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида соҳада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолиси эҳтиёжларини сифатли ва арзон нархларда автобензин билан таъминлаш мақсадида, тасарруфдаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулот билан бир қаторда, тайёр маҳсулотларни импорт қилиш йўлга қўйилди.

Хусусан, жорий йилнинг январь ойида «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда Россиянинг «Газпром» ОАЖ, «Татнефть» ОАЖ, «ОРСКНЕФТЕОРГСИНТЕЗ» ОАЖ каби компаниялари билан 50 минг тонна, тадбиркорлик субъектлари томонидан 5,0 минг тонна АИ-80 русумидаги автобензини импорти бўйича шартномалар тузилди ва бугунги кунда республика ҳудудига етказиб келиш ва ички бозорга сотиш чоралари кўрилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозим, қўшни Россия, Қозоғистон, давлатларида АИ-80 русумли автобензин ишлаб чиқариш тўхтатилган бўлиб, фақатгина тадбиркорлар буюртмаси асосида ишлаб чиқарилмоқда ва сифати асосан АИ-80 К2, К5 русумли автобензин талабларига мос келади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳсулотни республика ҳудудига темир йўл транспорти орқали етказиб бериш ва бошқа харажатларни инобатга олган ҳолда, товар хомашё биржасида сотиш учун қўйиладиган бошланғич нархи бир тоннаси учун 7 084 минг сўмни, АЁҚШларда истеъмолчиларга сотиладиган якуний нархи эса бир литри учун 6 000-6 200 сўмни ташкил этмоқда.

Маълумот учун: жамият тасарруфидаги «Бухоро НҚИЗ» МЧЖда АИ-80 русумли автобензини ишлаб чиқариш қувватларидан 130-140 фоиз (кунлик автобензин ишлаб чиқариш хажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 750 тоннадан 3 300 тоннага оширилган) даражада фойдаланилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг