«Ўзбекнефтгаз»: «Ишчи гуруҳ» аъзолари томонидан Устюрт регионидаги янги майдонларда углеводородлар захирасини ошириш ҳамда табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолати ўрганилди
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» аъзолари томонидан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли янги майдонларда углеводородлар захирасини ошириш, конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш ва технологик объектларни қуриш бўйича олиб борилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш ишларининг иккинчи куни, Устюрт регионида углеводородлар захирасини ўстириш Дастури доирасида олиб борилаётган бурғилаш ишларини назорат қилиш мақсадида, «Шарқий Арслон» майдони 1-сонли, «Қуйи Шарқий Бердақ» 4-сонли ва «Қуйи Шимолий Бердақ» 4-сонли излов қидирув қудуқларида олиб борилаётган бурғилаш ишлари билан яқиндан танишиб чиқилди.
«Арслон» кони 30-сонли, «Шарқий Бердақ» кони 86-сонли қудуқларда олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари ўрганилди ҳамда «Ишчи гуруҳ» аъзоларининг ташрифи давомида, «Шимолий Бердақ» кони 35-сонли қудуқда мураккаб таъмирлаш ишлари якунланиб, қудуқ ўзлаштирилди.
Шундан сўнг, «Қуйи Шарқий Бердақ» конидаги бурғиланаётган 10, 12-сонли ва «Шарқий Бердақ» конидаги 97-сонли ишлатиш қудуқларидаги бурғилаш ишларининг бориши назорат қилинди.
Ўрганишлар давомида қудуқларни бурғилаш ва таъмирлаш ишларини олиб бораётган пудратчи ташкилотлар билан мавжуд муаммоли масалалар муҳокама қилиниб, бошқарма ва тегишли департамент бошлиқларига ишларни тезлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Бошқармадаги технологик объектларда, жумладан «Арслон» газни комплекс тайёрлаш қурилмасида 1 та қўшимча қуввати кунига 3 млн. куб метр газни комплекс тайёрлаш вазифасини бажарувчи технологик тармоқни қуриш лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлари ҳам жойидан кўриб чиқилди.
Ҳозирги кунда янги тармоқдаги 6 та технологик аппаратлар учун темирбетон фундамент қуйиш ишлари бажарилиб, 3 та аппаратлар жойига ўрнатилган.
Қурилиш ишларини назорат қилиш жараёнида, қолган технологик аппаратлар, пўлат қувурлар, қувур арматуралари ва бошқа зарур материал-техник ресурсларни етказиб бериш, қурилиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича пудратчи ташкилот вакилларига, масъулларга кўрсатмалар берилди.
Ўз навбатида Бошқарув раиси «Арслон» комплексида фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг яшаш шароитларини шахсан ўрганиб, уларнинг меҳнат қилиш ва дам олишлари учун яна қандай имкониятлар қилиб берилиши бўйича, уларнинг ўзи билан суҳбатлашди ҳамда корхона раҳбарларига ҳар бир ҳолат юзасидан кўрсатмалар берди.
Бундан ташқари, Бошқарув раиси ишчи-ходимларнинг вахта усулдаги ишлаш жараёнларида аҳоли яшаш жойларидан олис чўл ҳудудларида фаолият юритишларини инобатга олиб, энг аввало уларнинг зарурият бўлганда тиббий ёрдам олишлари, транспорт воситалари билан ҳамда алоқа ўрнатиш учун етарли воситалар билан таъминланганлик ҳолатларини ўрганиб, энг аввало уларнинг хоҳишларига кўра, бундан кейин ҳам барча зарур қулайликлар яратиб борилишини маълум қилди.
Маълумот учун, жорий йилнинг январ-октябрь ойларида Устюрт бошқармаси бўйича 3 772,5 млн куб метр табиий газ ва 35,5 минг тонна газ конденсати қазиб олиниб, газ қазиб чиқариш ўтган йилга нисбатан 121,7 фоизни ташкил этди.
Бу кўрсаткичларга эришиш учун 2022 йилнинг ортда қолган даврида табиий газ қазиб чиқариш режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган жами 49 та геолого-техник тадбирлар амалга оширилди. Чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳисобига эса, қўшимча 769,9 млн куб метр табиий газ, 20,8 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter