Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Краснодардаги таъсирли воқеа. Ўзбеклар ҳеч қачон аёлларини ёлғизлатиб қўймайди

Краснодардаги таъсирли воқеа. Ўзбеклар ҳеч қачон аёлларини ёлғизлатиб қўймайди

Фото: «Thoughts Out Loud»

Бундан бир неча йил олдин ишлаш учун Россияга кетган амаким шу йилнинг 16 февраль куни сафарини якунлаб уйга қайтиши керак эди. Лекин сўнгги бир неча ой давомида Россия ҳудудида рухсатномасиз фаолият олиб боргани учун уни Краснодар аэропорти терминалида ушлаб қолишгани ҳақида билдик. Шундан сўнг амаким бизга телефон қилиб, ҳаммаси жойида экани, қоидага кўра бир неча кун ушлаб туришларини, сўнг ўзлари самолёт орқали Ўзбекистонга юборишларини айтди. Кўнгил хотиржам бўлди. Ниҳоят амаким 23 февраль куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Краснодар-Тошкент йўналишида учадиган самолётида Тошкентга келди. Суҳбатимиз орасида у киши Россияда нима ишлар қилганлиги, бир ҳафталик кутиш пайтида бўлган қизиқарли воқеаларни гапириб берди.

Россияда ишлаш, миграция қонунчилигини бузган шахсларга нисбатан суд томонидан депортация қилиш чораси қўлланган шахслар маълум бир бинода уйга қайтишларини кутишади.

Амаким шундай ҳикоя қилади:

— Ушбу масканда бир ҳафта давомида кўплаб юртдошлар билан танишдим, суҳбатлашдим, бир-биримизга яқин бўлиб кетдик. Уйга қайтадиган кунимиз ўттизга яқин ҳамюртлар билан бирга мени ҳам Краснодар аэропортига олиб боришди. Краснодар-Тошкент йўналиши бўйича учадиган самолётга рўйхатга олиш бошланган. Биз навбатимиз келишини кутиб турардик. Шу пайт 25 ёшлардаги ўзбек қизининг аэропорт кассаси олдида кўзларида ёш билан рус аёлига нималарнидир тушунтириб, илтимос қилаётганига кўзим тушди. Кейинчалик маълум бўлишича, ўша қиз шошилинч тарзда уйига, Ўзбекистонга қайтиши лозим бўлиб қолибди. Лекин самолёт чиптасига 4000 рубл пули етмаётгани сабабли бояги кассир аёлга ялинаётган экан.

Бироз вақтдан сўнг терминалга «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га қарашли Краснодар-Тошкент йўналишидаги самолётнинг капитани келиб қолди. У воқеани эшитиб, қизнинг олдига борди. «Йиғламанг, сизни албатта Ўзбекистонга олиб кетамиз. Мен Краснодар аэропорти маъмурияти билан гаплашиб, сизга чипта олиб беришга ҳаракат қиламан. Лекин унинг қолган пулини яқинларингиз Тошкент аэропортига олиб келиб бера оладими?», — деди. Қиз секингина «ҳа» дегандек бош ирғади.

Орадан бир соатча вақт ўтди, самолёт учадиган вақт яқинлашар, йиғлайверганидан қизнинг кўзлари қизариб кетган эди. Бу орада ўзбекистонлик барча йўловчилар унинг аҳволидан бохабар бўлган, қандай ёрдам беришни ўйлашар эди. Шу пайт аэропорт соқчилари самолётга чиптаси йўқлиги учун аэропорт ҳудудида бошқа қола олмаслигини тушунтириб, қизни ташқарига судрай бошлашди.

Россияда меҳнат қонунчилигини бузиб бир ҳафта алоҳида жойда сақланган, бундан ташқари, чўнтагида тайинли пули қолмаган, полиция қуршовида «тантанали» равишда уйига кузатилаётган мен каби ўзбекистонликларнинг бундан жаҳли чиқди. Улар полициячиларга қизни қўйворишларини, у албатта самолётда Ўзбекистонга учишини, кема капитани келишини кутиш кераклигини айтиб бақира кетишди. Лекин бироздан сўнг капитан аэропорт маъмуриятини кўндира олмагани маълум бўлди.

Ўртадаги тортишувлар, асабий вазият шу даражага бориб етдики, охир-оқибат терминалда ўзбекистонлик мигрантлар ва Россия полицияси ўртасида жанжал келиб чиқиши мумкин эди.

Шунда кимдир «қизнинг чиптасига неча пул етмаётган эди?» дея қайта сўради ва жавобни кутмасданоқ «менда 200 рубл бор, мана» дея ўртага ташлади. Буни қаранг, кўз очиб-юмгунча тўрт минг рубл йиғилди. Қиз кўз ёшларини тўхтатолмай, барчага раҳмат айтиб касса томон йўл олди.

Ушбу воқеа бўлиб ўтган пайтда терминалда Ўзбекистонга яқин дўстларини кўргани меҳмонга бораётган бир рус аёли ҳам бор экан. У «Ўзбекларни кўрдингларми, ҳеч қачон аёлларини ташлаб кетмайди, ҳатто танимаса ҳам. Уларга қойил қолиш керак», — дея қизнинг қўлига 5000 рубл тутқазди. «Бу менинг ёрдамим, чин кўнгилдан бераяпман», — деди. Лекин ўша ерда турган ўзбек йигитлари, «пулингиз шарт эмас, қизимизни уйга олиб кетишга ўзимизнинг ҳам қурбимиз етади», — дея аёлнинг пулини қайтариб беришди...

Айтинг-чи, ота-онаси, ёру фарзандлари, яқин дўстларини ташлаб, неча минг километр йўл босиб, саноқсиз қийинчиликларни бошдан ўтказиб, бир тийин бўлса ҳам оилам учун ишлашим керак деган мақсадда юрган, уйига қайтаётганида фарзандимга бир дона бўлса-да ширинлик оламан дея тишининг ковагида сақлаб келган арзимаган пулини ҳам ўзганинг кори учун сарфлайдиган инсонлари бор шундай элда, шундай юртда туғилганингизга минг бор шукур қилмайсизми!?

Шуҳрат Сафар

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг