Ўзбекистон–Озарбайжон: бирйўла 8 шаҳар ўзаро биродар бўлди

Ўзбекистон ҳамда Озарбайжоннинг 8 тарихий шаҳри ўзаро биродарлик муносабатини ўрнатди. Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов бу ҳодисани икки халқ ўртасидаги қардошлик ва дўстликнинг яна бир рамзий ифодаси эканини таъкидлаган.
Ўтган ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Озарбайжон минтақалараро форуми доирасида икки мамлакат ўртасида 11 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида Хива ва Шуша, Самарқанд ва Ганжа, Бухоро ва Ланкарон, Қўқон ва Шеки шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатини ўрнатишга оид битимлар ҳам бор.
Тошкентдаги Озарбайжон маданият маркази директори С.Аббосовга кўра, ушбу битимлар икки мамлакат минтақалари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, маданият, туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Қардошлик муносабати ўрнатилган 8 шаҳар нафақат турк, балки жаҳон тамаддунида ўз ўрнига эга кентлар сирасига киради. Хива ва Шуша, Самарқанд ва Ганжа, Бухоро ва Ланкарон, Қўқон ва Шеки нодир меъморий обидалари, зиёратгоҳлари, бой тарихий-маданий мероси, илмий-адабий анъаналари ва ҳунармандчилиги билан машҳур.
2018 йил декабрь ойида Озарбайжоннинг Исмоилли шаҳри ҳамда Ўзбекистоннинг Риштон ҳудуди ўртасида қардошлик муносабати ўрнатишга доир меморандум имзоланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter