Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айланмаси 9,4 млрд долларга етди
2023 йилда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатларнинг умумий номинал ЯИМ дунёнинг 1,7 фоизини (тахминан 1,8 трлн долл.), харид қилиш қобилияти паритетига бўйича эса дунёнинг 3,1 фоизини (тахминан 5,7 трлн долл.) ташкил этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг сўнгги 7 йил учун Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдо ва инвестициявий ҳамкорлиги таҳлилига бағишланган ҳисоботида қайд этилишича, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси 2023 йилда 1,2 трлн доллардан ошган.
Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айланмаси (хизматлардан ташқари) эса сўнгги 7 йилда 3,34 млрд доллардан (2016 йил) 9,4 млрд долларга (2023 йил) қарийб 2,8 бараварга, ошди.
Бунда экспорт 1,71 млрд доллардан (2016 йил) 3,2 млрд долларга (2023 йил) 1,9 бараварга ўсди. Импорт эса 1,63 млрд доллардан (2016 йил) 6,2 млрд долларга (2023 йил) 3,8 бараварга ўсди.
2024 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича 2023 йилнинг шу даврига нисбатан Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6,88 млрд долларини, экспорт 2,49 млрд долларини, импорт эса 4,4 млрд долларини ташкил этди.
2024 йил бошидан буён Ўзбекистонда ТДТга аъзо давлатлар капитали иштирокидаги 500 дан ортиқ янги корхона ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 4 мингга етди (республикада хорижий капитал иштирокидаги корхоналар умумий сонининг 28,8 фоиз). 2021-2023 йилларда ТДТга аъзо давлатлар Ўзбекистон иқтисодиётига 5 млрд доллардан ортиқ сармоя киритдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter