Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг стратегик концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг стратегик концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Фото: «Uza.uz»

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бугун, 28 июнь куни «Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси» мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

«Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, дипломатик корпус, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ва жамоат ташкилотлари, илмий марказлар вакиллари, олимлар, ишбилармонлар, 20 га яқин мамлакатдан келган 60 дан зиёд халқаро экспертлар, ёшлар, хорижда яшаётган юртдошларимиз иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистонни 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожлантиришнинг стратегик концепциясини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Дунёнинг турли минтақаларида таълим олаётган ёки меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларнинг давлат бошқаруви институтларини ислоҳ қилиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, инвестициялар бозорини қўллаб-қувватлашга кенг жалб қилиниши Ўзбекистоннинг прагматик сиёсатини акс эттириши қайд этилди.

– Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Оксфорд шаҳрида дунёнинг қадимий музейи – Эшмолеан жойлашган, – деди «Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти эксперти Умид Обидхўжаев. – Ундаги Марказий Осиёга бағишланган бўлимда машҳур испан сайёҳи Руи Гонсалес де Клавихонинг хотиралари ўрин олган. Қайдномаларда Самарқанддаги оддий кундалик буюмлар Париждаги санъат дурдоналарига қиёсланади. Биз бугун мамлакатимизнинг саноат молларига шундай баҳо берилишини истаймиз. Сессия йиғилишларида бу каби муаммоларни бартараф этиш ва тараққиётнинг юқори кўрсаткичларига эришиш борасидаги қарашларим билан ўртоқлашдим.

Халқ фаровонлиги замин қарида эмас, балки тафаккурда. Шу равнақнинг кейинги босқичи қуёш ва шамол энергиясидан унумли фойдаланишда намоён бўлмоқда. Бу чексиз, экологик барқарор энергия манбаидир. Яқин йилларда мазкур манбалар ҳар бир корхона ва уй хўжалиги учун мақбул танлов ва имкониятга айланишига шубҳа йўқ.

Бу каби фикр-мулоҳазалар саноат инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига бағишланган сессия йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинди.

– Биз тўқнаш келаётган масалалар ва жавобини кутаётган саволларнинг аксарияти ривожланган мамлакатларда қисман ўз ечимини топган, – деди халқаро эксперт Ҳасан Ражаббоев. – Мана шу тайёр ва инкор этиш қийин бўлган тажриба билан ўртоқлашиш, мукаммал бўлмаса-да, холис ва амалий фикрларни билдириш мақсадида мазкур форум ташкил этилди. Асосий мақсадимиз мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, мериотократик тизимни рағбатлантириш, инновацион сиёсатнинг туркумларини яратишдан иборатдир.

Тадбирда Ўзбекистонни 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожлантиришнинг стратегик концепциясини ишлаб чиқишдаги асосий йўналишларни белгилаш, кенгаш аъзоларидан иборат иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва ижтимоий соҳа йўналишида ишчи гуруҳлари фаолиятини жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Молия, инновациялар, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, илм-фан, туризм, маданият соҳаларида илғор хорижий тажрибани ўзлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг