Ўзбекистонликлар энди Россияда таксичилик қила олмайди
Россия давлат Думасида иккинчи марта ўқилишда қабул қилинган қонунга кўра, бундан буён Россияда чет эл капиталига ёки чет эл капитали билан шерикликда аҳолига такси хизматлари кўрсатадиган корхоналар очиб, ишлатиб бўлмайди. Борлари ҳам ёпилади.
Янги қонунга кўра, такси хизмати кўрсатадиган фирма фақат Россия фуқароси номига ва Россия фуқароси капитали ҳисобидан очилган бўлиши шарт. Бу ҳақда Думадаги транспорт ва қурилиш қўмитаси раҳбари Евгений Москвичев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, энди такси фаолияти билан шуғулланадиган фирма Россия капитали ҳисобидан, фақат Россия фуқароси номига очилади. Шунингдек, энди Россия фуқароси бўлмаган шахслар таксичи бўлиб ишлай олмайдилар.
Кўпчиликка маълум, бугун Россиянинг турли шаҳарларида юртдошларимиз таксичилик билан шуғулланадилар. Янги қонунга кўра энди улар таксичилик билан шуғулланиш учун Россия паспортини олишлари керак. Акс ҳолда бошқа иш қидиришларига тўғри келади.
Яна бир ўзгариш бу машиналарнинг ҳолати бўйича бўлди. Энди қонунга кўра ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошган машиналарда такси фаолияти билан шуғулланиб бўлмайди. Евгений Москвичевнинг сўзларига кўра, бу ўзгаришлардан мақсад мижозларга қулай ва сифатли хизмат кўрсатишдан иборат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter