Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистондан Афғонистонга йўловчи самолёт қатнови йўлга қўйилиши мумкин

Ўзбекистондан Афғонистонга йўловчи самолёт қатнови йўлга қўйилиши мумкин

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида авиарейслар қатнови йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар бериб ўтди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Афғонистон муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилиб, икки давлат ва халқнинг узоқ манфаатлари йўлида жадаллашиб бормоқда. 17 июль куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Афғонистон ҳукуматлараро комиссияси мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда олий даражадаги учрашувлар, шунингдек, турли мақомдаги делегацияларнинг ўзаро ташрифлари чоғида эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.

15-16 июл кунлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлигида Афғонистон Ислом Республикаси транспорт вазирининг ўринбосари Имом Муҳаммад Варимодж билан учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар давомида томонлар транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришди.

Жумладан, транспорт масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Учрашувда Ўзбекистон-Афғонистон ўртасидаги ҳалқаро автомобиль транспорти тўғрисидаги икки томонлама шартнома, шунингдек, Афғонистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги товарларни транзит қилиш тўғрисидаги келишувни томонлар биргаликда қўриб чиқишди. Афғонистон томони ҳаво ҳаракатлари бўйича ҳукуматлараро битим лойихасини ишлаб чиқишни жадаллаштиришга тайёрлигини билдирди. Икки мамлакат авиация маъмуриятлари биргаликда Мозори-Шариф – Тошкент – Мозори-Шариф йўналиши бўйлаб парвозларни амалга ошириш масаласини кўриб чиқдилар.

Ҳар икки давлат учун муҳим ахамиятга эга бўлган темир йўл транспорти соҳасидаги қуйидаги бандлар бўйича келишувга эришилди. Афғонистон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудудларида темир йўлларда юклар ҳажмини ошириш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан, ўзбек томони 2019 йилга мўлжалланган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тариф сиёсатида 20% ҳажмида имтиёзлар беришни маълум қилди. Шу билан бирга, икки томон Афғонистондан илк маротаба экспортга 180 тонна минерал талькни етказиб берилишини мамнуният билан қайд этди.

Томонлар шунингдек, Афғонистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Транспорт Вазирлиги ҳар чоракда Ўзбекистон ҳудудидан экспорт қилинган юклар тўғрисида маълумот беришга келишиб олдилар. Қолаверса, темир йўл транспортининг (экспорт/импорт) ҳажмини кўпайтиришга келишилди. Шу муносабат билан, афғон томони Афғонистондан Қозоғистон, Россия, Хитой ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг товарлари номенклатураси ва экспорти ҳажми хақида ёзма маълумотни мунтазам тақдим этиб боришини қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон томони экспорт қилиш учун имтиёзли тарифлар бўйича Қозоғистон томони билан музокаралар ўтказишга ёрдам беришга тайёр эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон томони юкларни ташиш бўйича Афғон тарафига тавсия этилган экспедитор компаниялар рўйхатини тақдим этади. Юқоридагиларни инобатга олиб, эришилган келишувларни амалга ошириш учун афғон томонига 1520 стандарти тақдим этилди. Афғон томони яқин келажакда темир йўл қурилиши лойихаларида 1520 стандарт бўйича ишлашга тайёрлиги тўғрисида расмий хабар юборишини билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг