Ўзбекистондаги «мулойим қотил». С номли касаллик ҳақида...(инфографика)
Гепатит C вирусини юқтирган ҳар бешинчи одамгина ўзидаги бу ташхисдан хабардор — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботида ана шундай қўрқинчли статистика келтирилган, деб ёзмоқда «Expert».
Ҳозирги кунда дунёда гепатит C нинг сурункали шакли билан қарийб 71 миллион киши оғрийди — бу бутун бир Франция аҳолисидан кўп.
Мазкур вирусга қарши эмдори мавжуд эмас, уни юқтирганларнинг 80 фоизи эса бошида ҳеч қандай аломатни пайқамайди, шунинг учун ҳам гепатит C ни «мулойим қотил» деб аташади — у йиллаб ўзини намоён этмаслиги ёки бошқа касалликлар ниқоби остида яшириниб юриши мумкин. Бу хасталикдан таҳлил топшираётганда тасодифан ёки жигар жиддий шикастлангандан кейингина хабардор бўлишади. Инфекция кўпинча цирроз ёки саратонга олиб келади — унинг оқибатида ҳар йили тахминан 399 000 минг киши ҳаётдан кўз юмади.
Ҳисобот берувчиларнинг таъкидлашича, замонавий дори-дармонлар гепатит C инфекциясини юқтирган қарийб 95 фоиз одамни бутунлай соғайтириб юбориши мумкин. Муҳими — бутун дунёдаги беморларни вирусга қарши тўғридан-тўғри таъсир қилувчи препаратлар билан таъминлаш, кўплаб акс таъсирларни келтириб чиқарувчи интерферон асосидаги эскирган терапиянинг ўрнига қўллаш лозим. Сўнгги авлод дорилари яқиндагина — 2015 йилдан кенг фойдаланила бошланди.
ЖССТ 2030 йилга бориб янги юқтириш ҳолатини 90 фоиз, ўлим сонини эса 65 фоизга қисқартиришни режалаштирмоқда.
ЖССТ маълумотига кўра, дунё бўйича сайёрамизнинг 1 фоиз аҳолиси сурункали гепатит С билан яшамоқда
Нега Ўзбекистон «қип-қизил»?
Тушунганингиздек, «Expert» тузган харитада мамлакатлар аҳолисининг гепатит С билан касалланиш даражаси (фоизларда) кўрсатилган. Унда деярли барча мамлакатлардаги ҳолат аксини топган.
Габон гепатит С энг кўп тарқаган мамлакат — аҳолисининг 7 фоизи. Кейин Мўғулистон ва Миср — 6,4 ва 6,3 фоиздан.
Шу рейтингга кўра, Ўзбекистон МДҲда биринчи, Осиёда иккинчи, жаҳонда тўртинчи ўринда!
Ҳатто бу кўрсаткич 40 йилдан бери урушдан боши чиқмаётган Афғонистонда 0,5 фоиз, эртанги куни савол остида турган Венесуэлада 0,4 фоиз, қитъасидаги энг қолоқ мамлакатлардан саналган Марказий Африка Республикасида 0,3 фоизга тенг.
Шубҳасиз, бу Ўзбекистон учун энг ёмон рейтинглардан бири!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter