Ўзбекистонда янги журнал чоп этила бошланди

Юртимизда муборак рамазон ойи шукуҳи кезиб юрган айни кунларда кўнгилларга сурур, қалбларга ҳузур, кўзларга нур улашувчи яна бир нашр – «Мўминалар» журнали чоп этилди.
Аёл – мураббий, насллар давомийлигини таъминлашдек шарафли вазифага масъул зот. Муқаддас динимиз аёлнинг маънавий хазинасини бойитиш, уни маърифатга ошно қилиб, кўнглини меҳр жавоҳирлари билан тўлдиришга амр этади.
Шуни инобатга олиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Мовароуннаҳр» нашриёти муассислигида «Мўминалар» журнали чоп этила бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг «Мукаррамлик насиб этсин!» табрик-мақоласи билан очилган журналда динимиз аҳкомлари, аёлларга хос ҳукмлар махсус рукнларда баён этилган.
«Диний билимлар ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида ҳар доим ҳаммамизга тўғри йўл кўрсатади. Муқаддас оила қўрғонини мустаҳкам сақлаб, фарзандларини ҳалолу пок, инсоф-диёнатли, халқпарвар, ватанпарвар қилиб вояга етказган, эрларини садоқат, меҳру оқибат, тадбиркорлигу тежамкорлик билан қўллаб-қувватлаган момоларимиз, оналаримизнинг ҳаёти бу фикримизнинг исботидир. Зеро, ислом дини таълимотларига амал қилиб яшашни икки дунё саодати деб билган аждодларимиз ўз зурриётларига диний таълим-тарбия берганлар. «Мўминалар» журнали, ўйлаймизки, ҳаммамиз учун кутилган илму маърифат чашмаси, тарбиячи муаллим, чиройли фазилатлару яхши ибратлар мактаби бўлади. Унинг нишона сони – биринчи қадами қутлуғ ва хайрли оқибатларга дебоча бўлишини тилайман», – дейилади Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг «Ҳаммамиз кутган журнал» сарлавҳали мақоласида.
Оилаларимиз чироғи ва чароғбони – мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз ҳақида Аллоҳнинг каломида нималар дейилгани, саҳармардонда уйғонган аёл қандай дуо-илтижо қилиши лозимлиги, аёллар фиқҳи, республикамиз бўйича юқори савияда ўтказилган Қуръон мусобақаларидан лавҳалар, мўминлар онаси – Хадича бинти Хувайлид(роҳияллоҳу анҳо)нинг ибратга тўла ҳаётидан ўрнак олиб яшамоқчимисиз?
Динимизда маҳрнинг ҳукми қандай, куёв келинга қанча маҳр бериши керак? Мўмина аёл фарзанд тарбиясида нималарга эътибор қаратиши зарур? Пойтахтимизда фаолият юритаётган «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти фаолияти сизни қизиқтирадими?
«Фолбинга борса нима бўлади?», Шайх Зиёвуддинхон ҳазратларининг авлодлари, сулолалари бугун қандай хайрли ишлар билан банд?
Ушбу саволларга «Мўминалар» журналидан атрофлича жавоб олишингиз мумкин.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қутлибека Раҳимбоева ҳам: «Мўминалар»нинг йўли Аллоҳнинг йўли, ислом йўли, меҳр-муҳаббат йўлидир. Опа-сингилларимизни ўз сўзларинг, ўз кучинг билан ана шундай йўлларга солишни, уларнинг қалби, руҳияти, оналиги, аёллигини яхшилик билан муҳофаза қилишни мақсад қилибсанки, ниятинг йўлдошинг бўлсин! Поклик, ҳалоллик манзили, садоқат, саодат манзиллари сари сенга чин дилдан оқ йўл тилайман, «Мўминалар» журнали», – деб ёзади мақоласида.
Мухтасар айтганда, янги нашр янги наслларни баркамол қилиб улғайтиришда мўмина аёлларнинг кўмакчисидир.
Толибжон Низомов,
«Мўминалар» журнали муҳаррири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter