Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда минг ойдан афзал кеча қандай қаршиланади?

Ўзбекистонда минг ойдан афзал кеча қандай қаршиланади?

Фото: «Xabar.uz»

Бу йил Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси, яъни Лайлатул-қадр 17 апрель тунига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарига кўра, Қадр кечасида юртимиздаги 1500 дан зиёд жомеъ масжидда хатми Қуръон ўтказилади.

Рамазоннинг 27 куни давомида масжидларда Каломуллоҳнинг саҳифалари бир хил ададда ўқилди. Бугунги муборак оқшомда эса барча масжидларда хатми Қуръон якунланиб, бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Ҳақ таолога ёлвориб, қўлларини дуога очадилар.

Ҳадиси шарифда айтилганидек, хатми Қуръондан кейинги дуо ижобатдир.

«Ушбу фараҳбахш онларни биргаликда “UzReport” телеканали ҳамда muslim.uz порталининг ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали жонли эфирда кузатишга таклиф қиламиз. 17 апрель куни кечки соат 21:00 дан бошланадиган Қадр кечасидаги Қуръон хатмонасига марҳабо!» – дейилади мусулмонлар идораси хабарида.

Аллоҳ таоло ўз каломида Қадр кечаси минг ойдан афзал эканини марҳамат қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ким Қадр кечасида имон-эътиқод билан Аллоҳ таоло розилиги учун тоат-ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади», деганлар.

Уламолар ушбу кечани зиёфат ва дунёвий суҳбатлар билан эмас, балки ибодат, тавба ва истиғфор билан ўтказишни уқтирадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муборак кечани қандай ўтказиш борасида ўтган йилги тавсияларини ҳам ўқиш мақсадга мувофиқдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг