Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилади. Экология вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг географик ва иқлимий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмаларига эришиш қийин.

«Унга кўра, PM 2.5 нинг ўртача йиллик миқдори 5 мкг/м3, ўртача суткалик миқдори 15 мкг/м3. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатидаги кўрсаткичлар ЖССТ тавсия этган стандартларга мувофиқ эмас, кўп давлатлар ўз миллий стандартларини қабул қилган.

Масалан, АҚШ ва Мексикада бу стандарт 12 мкг/м3, Беларус ва Японияда – 15 мкг/м3, Европа Иттифоқи мамлакатларида – 25 мкг/м3, Россияда – 20 мкг/м3, Хитойда 35 мкг/м3, Ҳиндистонда эса 40 мкг/м3. Жанубий Кореяда PM 2.5 стандарти йўқ», – дейилади вазирлик изоҳида.

Қайд этилишича, айни дамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу йўналишда, яъни Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати мониторинги бўйича миллий платформа ва мобил иловани ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра, ҳаводаги майда заррачалар миқдори ва уларнинг аҳолига таъсири бўйича миллий ҳаво сифати стандартлари ишлаб чиқилади. 2023 йилда лойиҳа доирасида Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг атмосфера ҳавоси ифлосланишидан касалланиш даражасини ўрганиш бошланган.

Шу билан бирга, республикада атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасининг жорий кўрсаткичи маълум бир ҳудуд учун устувор ифлослантирувчи моддалардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган Атмосфера ифлосланишининг комплекс индекси (АИИ) ҳисобланади.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри атмосфераси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан 15 та автоматик станция орқали мониторинг қилинади. Мониторинг давомида ҳаводаги чанг, олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, азот оксиди, углерод оксиди, фенол, фтор водород, аммиак, формалдегид, оғир металлар, PM10 ва PM2.5 майда зарралари кузатилади. 

Атмосферанинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар Экология вазирлигининг сайтига интеграция қилинган. Шунингдек, IQAir веб-сайти ҳамда «Ўзгидромет» платформасида ҳам бериб борилади.

Сайтдаги ҳавонинг ифлосланиши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмалари билан таққосланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вазирлик пойтахт ҳавосини ифлослантираётган табиий ва техноген манбалар ҳақида маълумот берган эди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг