Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда илм-фан тараққиётининг аҳволи

Ўзбекистонда илм-фан тараққиётининг аҳволи

Ўзбекистонда илм-фан тараққиётининг аҳволи. Унинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича мулоҳазалар.

Илм-фан — ҳар қандай давлатни ривожланишга етакловчи асосий куч ҳисобланади. Давлатнинг ривожланишини фан тараққиёти орқали баҳолаш жуда ҳам ўринли, десак муболаға бўлмайди. Шу боис Ўзбекистон учун илм-фан тараққиёти фаровонлик ва барқарорлик йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Конституциямизда давлат жамиятнинг илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилиши бежиз қайд этилмаган. Тарихдан ўзбек жамиятида илмга ҳурмат ва эҳтиром анъана сифатида сақланиб келган. Буюк бобокалонимиз Имом Бухорий айтганларидек, "дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай".

 Илм-фаннинг ҳозирги ҳолати

Бугунги кунда Ўзбекистонда 30 мингдан ортиқ шахс илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланади, уларнинг 27 мингдан ортиғи олий маълумотга эга.

Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг салмоқли қисми ижтимоий харажатларга, шу жумладан, таълим ва илм-фанга сарфланади. 2021 йилда мамлакат бюджетидан фақат инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун 239 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. 2022 йилда бу кўрсаткич 671 миллиард сўмдан ортиқни ёки давлат бюджети харажатларининг 0,39 фоизини ташкил этади.

Ўтган тўрт йил давомида 28 та илмий ташкилот ва 4 та инновацион технопарк ташкил этилди. Олимларнинг маошлари уч бараварга кўпайди. Соҳа ташкилотларининг моддий-техник базасини янгилашга катта маблағлар сарфланди. Давлат илмий-тадқиқот сиёсатининг муҳим иштирокчиси сифатида 28 та илмий-тадқиқот муассасаси ва 4 та давлат музейини ўз ичига олган Ўзбекистон Фанлар академиясининг фаолияти такомиллаштирилди.

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолияти йўлга қўйилгани инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш соҳасида муҳим қадам бўлиб, ушбу йўналишда салмоқли ишларни амалга оширишга хизмат қилди. Хусусан, вазирликнинг бевосита кўмаги билан 2018-2021 йилларда 342 та илмий ишланма тижоратлаштирилди. Натижада 151,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, 128,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар сотилди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда илм-фан ва инновацияларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Жумладан, 2018-2021 йилларда илмий-инновацион фаолият соҳасида 2 та қонун, Президентнинг 5 та Фармони ва 26 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 35 та қарори ва 7 та фармойиши қабул қилинди.

Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича эришилган ютуқларга қарамай, ҳали ҳал қилиниши керак бўлган бир қатор муаммолар мавжуд. Айниқса, бугунги кунда глобаллашув ва рақамлаштириш даврида айнан инновацион ёндашув мамлакат муваффақиятига замин яратади. Бундай ёндашувни фақат илм-фан ютуқлари туфайли қўллаш мумкин, шунинг учун илм-фан тараққиёти давлатнинг инновацион ривожланишининг муҳим таркибий қисмидир.

Илм-фан муаммолари иқтисодий ўсишга, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга, ижтимоий соҳанинг долзарб муаммоларини ҳал қилишга бевосита таъсир қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги ПФ–6097-сон Фармони билан тасдиқланган Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида илм-фанни ривожлантириш йўлидаги 19 та муаммо алоҳида белгиланди. Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг илм-фанга эътибори юқори эмаслиги, илмий-тадқиқот ўтказадиган жамоалар ўртача ёшининг катталиги, илм-фан ва илмий фаолиятга молиявий ресурларнинг етарли даражада йўналтирилмаётгани шулар жумласидандир. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш муҳим бўлиб, ҳар томонлама ва чуқур ўйланган чоралар кўришни талаб қилади.

 Фан соҳасидаги асосий муаммолар

Биринчидан, диссертация ҳимояси ва илмий-педагогик фаолиятни амалга ошириш муаммолари. Замонавий илмий-педагогик кадр – бу ўз иши билан долзарб муаммони таҳлил қиладиган ва ушбу муаммонинг самарали ечимларини илгари сурадиган тадқиқотчи. Бундай таъриф олимнинг ўзидан ҳалоллик ва меҳнатсеварликни талаб қилади. Илм-фаннинг замонавий ривожланиши шароитида ушбу таърифнинг долзарблигига шубҳа қолдирмайди.

Бугунги кунда илмий ва педагогик фаолиятни амалга оширишда бўлажак тадқиқотчи бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Улардан биринчиси – долзарб тадқиқот мавзусини танлашдир. Афсуски, ҳамма ҳам бунга эътибор бермайди. Баъзан тадқиқот мавзусининг тўғри танлангани муваффақиятнинг калити ҳисобланади. Танланган тадқиқот мавзуларининг таҳлили асосан эскирган ёки аҳамиятсиз бўлган тадқиқот мавзуларининг ҳали ҳамон мавжудлигини кўрсатмоқда. Баъзи мавзулар кўпроқ рефератлар мавзусига ўхшайди. Баъзида тадқиқотчилар мавзу номига тузатишлар киритишга мажбур бўлишади. Жумладан, тадқиқот мавзулари чоп этилиши лозим бўлган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг бюллетенларида тадқиқот мавзуси номидаги ўзгаришларни чоп этиш учун алоҳида саҳифалар ажратилади. Баъзи мавзуларнинг номлари уч-тўрт марта ўзгаради. Бундай ҳолда, табиий савол туғилади – бундай ўзгаришларнинг сабаби нима? Нима учун тадқиқотни амалга ошириш босқичида мавзуни ўзгартиришга эҳтиёж вужудга келади? Бу саволларга жавоблар турлича бўлиши мумкин.

Иккинчи муаммо – илмий фаолият билан боғлиқ жараёнларда ортиқча расмиятчиликларнинг мавжудлиги. Юқорида айтиб ўтилганидек, тадқиқот мавзулари махсус бюллетенда эълон қилиниши керак. Акс ҳолда, мавзу расман тадқиқотчига бириктирилмаган ҳисобланади. Ҳар қандай ўзгариш, ҳатто таҳририй ўзгаришлар ҳам ушбу бюллетенда акс этиши лозим. Худди шундай диссертацияни ҳимоя қилиш учун режалаштирилган ҳимоя ҳақидаги хабар ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг веб-сайтида эълон қилиниши керак. Баъзи тадқиқотчилар диссертацияни ҳимоя қилиш тўғрисидаги хабарни нашр этиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдалар (диссертация матни ва авторефератни белгиланган талабларга мувофиқ тўғри расмийлаштириш талаб этилади).

Расмиятчилик жараёни айрим ҳолларда Илмий кенгашлар ва талабгорлар орасидаги муносабатларда ҳам кузатилмоқда. Қоида тариқасида, Кенгашга талабгорнинг ҳужжатларини тақдим этиш анъанавий усулда амалга оширилади. Илмий баҳс-мунозара майдони бўлган Илмий кенгашлар фаолияти, хусусан баённома юритилиши ва турли расмиятчиликка риоя қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам рақамлаштириш орқали соддалаштирилиши мумкин.

Учинчи муаммо – илмий кенгашларнинг нисбатан заиф ўрни. Ишнинг асосий қисми мазкур кенгашлар фаолият кўрсатаётган университет ёки илмий ташкилотда текширилса-да, диссертация ҳимояси бўйича якуний қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқланади. Шу ўринда университетлар ёки илмий ташкилотларнинг мустақиллигини ошириш, уларнинг тадқиқот сифати учун жавобгарлигини мустаҳкамлаш масаласини ўйлаб кўриш керак. Албатта, бунда Илмий кенгашлар фаолияти устидан мониторинг олиб бориш механизмлари яратилиши, очиқлик ва шаффофлик таъминланиши лозим.

Илмий кенгаш фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳам муҳим вазифа саналади. Айниқса, тақризчи ёки расмий оппонентларни белгилаш, илмий тадқиқот ишини муҳокама қилиш ва ҳимоянинг кейинги босқичларига тавсия қилиш масалаларида ахборот технологияларини жорий этиш орқали манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадга мувофиқдир.

Диссертацияни ҳимоя қилиш учун тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш долзарб муаммолардан бири саналади. Амалдаги тартибга кўра, диссертацияни ҳимоя қилиш учун илмий тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш талаб этилади. Илмий натижаларни жорий этиш тўғрисидаги ҳужжатсиз фалсафа доктори ва фан доктори бўлиш мумкин эмас. Баъзан тадқиқот натижалари келажакда (узоқ вақт давомида) амалга оширишга қаратилган бўлиши мумкин, бу эса бажарилган диссертация иши унинг натижалари амалиётга жорий этилгани тўғрисидаги ҳужжат йўқлиги сабабли ҳимоя қилинмаслигига олиб келади. Бу баъзи тадқиқотчиларни натижаларини тезда амалиётга жорий этиш йўлларини топишга ундайди, бунга эса ҳар доим ҳам эришишнинг иложи йўқ.

Фикримизча, энг катта муаммо илмий нашрлар муаммосидир. Халқаро ва миллий рейтингларга кириш замонавий тадқиқотчи олдида тадқиқот натижаларини халқаро маълумотлар базалари (Scopus, Web of Science ва бошқалар) томонидан индексланган журналларда нашр этиш вазифасини қўяди. Бундай журналларда мақола нашр этиш тажрибасига эга бўлмаган тадқиқотчилар ўзларининг нашрлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдалар – журнал таҳририяти уларнинг мақолаларини нашр этишдан бош тортади ёки мақолалар таҳрирлаш ва камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади (нуфузли илмий журналлар) ёҳуд нашр учун тўлов талаб қилинади. Мақолани якунлаш ва тузатиш ҳар ким ҳам ҳал қила олмайдиган қийин вазифадир. Шунинг учун, нашр учун тўловни амалга ошириш кўпчилик учун маъқул йўл, деб топилади. Бундай усулни танлашда муаллиф ҳақиқатан ҳам журналнинг сифати ва обрўсига эътибор бермайди. Баъзилар шубҳали обрўга эга бўлган бундай журналларда уларнинг мақолалари дарҳол, ҳеч қандай эътироз ва тақризларсиз, фақат нашр учун тўловни амалга ошириш шарти билан қабул қилинишига ҳайрон бўлмайдилар. Шунинг учун кўпчилик “йиртқич” журналлар, деб номланган журналларнинг қурбонига айланади. Мақолаларнинг тезкор нашр этилишига бўлган талаб тобора кўпроқ тадқиқотчиларни бундай “йиртқич” журналларга мурожаат қилишга мажбур қилмоқда. Publons томонидан 2020 йилда ўтказилган тадқиқот Интернетдаги 1000 дан ортиқ “йиртқич” журналлар учун камида 6000 “сохта” тақризлар тақдим этилганини аниқлади. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, кенг қўлланиладиган Scopus илмий маълумотлар базасида шубҳали нашр этиш амалиётига эга бўлган 300 дан ортиқ “йиртқич” журналлардаги мақолалар сақланади. Биргаликда ушбу журналларда уч йил ичида 160 мингдан ортиқ мақола чоп этилди – бу ушбу даврда Scopusда индексланган тадқиқотларнинг деярли 3 фоизни ташкил этади.

2019 ва 2020 йиллар учун Scopus тизимидан чиқариб ташланган мақолаларнинг юқори улуши (мос равишда 32,5 фоиз ва 59,7 фоиз) ўзбекистонлик муаллифларга тегишли эканлиги туфайли Ўзбекистон дунёда сифатсиз илмий мақолалар чоп этувчи “етакчи” давлатга айланиб бормоқда. “Йиртқич” журналларда мақолалар нашр этилишининг олдини олиш учун Scopus, Science ва бошқа нуфузли маълумотлар базасига киритилган журналлар сифатини кузатиш ва баҳолашнинг аниқ ва равшан механизмлари, муаллифлар учун илмий мақолаларни нашрга тайёрлаш ва лойиҳалаш бўйича мақолалар сифатини аниқлаш тартиби ва услубий тавсияларнинг йўқлиги ушбу муаммонинг тобора кескин тус олишига олиб келмоқда.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун халқаро маълумотлар базаларига киритилган ва тавсия этилган журналлар рўйхатини расман тасдиқлаш ва мунтазам янгилаб бориш ҳамда “йиртқич” журналлар рўйхатини эълон қилиб бориш лозим. Ўз навбатида, инсофли ва ҳалол олим образини шакллантириш, ёш олимларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Эътибор миқдорга эмас, сифатга қаратилиши керак.

Иккинчидан, илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган ягона комплекс ёндашувни қўллаш билан боғлиқ муаммолар. Ўзбекистон Республикасида илм-фан ва инновацияларни бошқаришнинг ўрнатилган тизими кўп векторли ёндашув мавжудлигидан далолат беради. Ушбу соҳада давлат бошқаруви Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан амалга оширилади.

Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг инновацион ва илмий-техник ривожланиши соҳасидаги ягона давлат сиёсатини олиб боради. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқув-педагогик ва илмий-методик раҳбарликни амалга оширади, уларда илмий-тадқиқот ишларини ҳамда белгиланган тартибда илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни ташкил этади. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш бўйича ваколатли давлат органи эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳисобланади.

Ушбу тизим илм-фан ва инновацияларнинг тармоқ сифатида ривожланишига қаратилган эди. Бироқ ушбу механизм таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ интеграциясига имкон бермайди. Ушбу ёндашув муаммоси илмий кадрлар тайёрлаш масалаларида яққол намоён бўлади. Мисол учун, Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий даражага эга кадрлар тайёрлаш тизимини мувофиқлаштиради, шу жумладан, докторантурага қабул квоталарини ажратади. Илмий кадрларни тайёрлаш, қоида тариқасида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан илмий-услубий раҳбарлик амалга ошириладиган олий таълим муассасаларининг ўзида амалга оширилади. Илмий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириш, хусусан, фан доктори ёки фалсафа фанлари доктори дипломини бериш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан амалга оширилади. Моҳиятан яхлит бўлган ушбу тизимдаги давлат бошқарувига нисбатан бундай ёндашувни самарали ва комплекс, деб аташ қийин.

Бу қисмда Фанлар академиясининг илмий ҳамжамиятнинг етакчи ташкилоти сифатидаги ўрни ва аҳамияти ҳам оширилиши лозим. Фан ва технологияларни ривожлантириш, инновацияларни жорий этишнинг услубий асосларини яратишда Фанлар академияси ташаббускор бўлиши лозим. Фанлар академияси етакчи давлат илмий муассасаси сифатида миллий илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга нисбатан ягона ёндашувни ишлаб чиқиши керак.

Учинчидан, мамлакат инновацион ривожланишининг нисбатан паст даражада экани. Яна бир муаммо – бу мамлакатни инновацион ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлиги. Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда тутган ўрни бунинг ёрқин далилидир. Дунё мамлакатларининг инновацион ривожланиш тенденцияларини белгиловчи Глобал инновациялар индексининг 2021 йилги натижаларида Ўзбекистон 132 мамлакат орасида 86-ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг рейтингдаги мавқеи ўтган йилга нисбатан 7 поғонага, 2015 йилга нисбатан эса 36 поғонага ошди. Бу ҳақиқатан ҳам муҳим ютуқ. Бироқ, Ўзбекистон ҳамон Қозоғистон, Озарбайжон, Ямайка, Монголия, Филиппин каби давлатлардан ортда қолиб, қуйи-ўрта даромадли мамлакатлар (рейтингда мамлакатлар 4 гуруҳга бўлинган – юқори даромадли, юқори-ўрта даромадли, қуйи-ўрта даромадли, кам даромадли) гуруҳида. Асосий кўрсаткичларга кўра, Ўзбекистонда тартибга солиш сифати, интеллектуал мулк сиёсати ва замонавий технологиялар асосида маҳсулот яратиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Шу муносабат билан Ўзбекистон заиф позицияларга эга бўлган ва катта натижаларга эриша оладиган соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириши керак. Етакчи хорижий илмий-тадқиқот ташкилотлари билан илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, долзарб масалалар бўйича ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш зарур.

Интеллектуал мулк сиёсати кичик аҳамиятга эга эмас. Мутахассисларнинг фикрига кўра, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва роялтини бошқариш бозори 2016 йилда 4,28 миллиард АҚШ долларидан 2021 йилга келиб 12,68 миллиардгача, 2016 йилдан 2021 йилгача ўртача 24,2 фоизга ўсди. Энди айнан интеллектуал мулк илм-фан ривожланишининг истиқболли йўналишларидан биридир. Шунинг учун мамлакатда илмий-техникавий ижодкорлик ва ихтирочилик фаолиятини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш лозим.

Соғлом рақобатнинг йўқлиги ҳам кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Баъзи ҳолларда, айрим илмий ташкилотлар фаннинг тегишли соҳаларида рақиб сифатида кўринмайдиган ягона ташкилот сифатида ишлайди.

Мамлакатни инновацион ривожлантириш ишларини такомиллаштиришда венчур фондлари фаолиятини кучайтириш лозим. Венчур инвестициялар кўплаб компаниялар ва маҳсулотлар ривожига ҳисса қўшди. Масалан, Google ташкил этилганда таъсисчи бўлган икки киши томонидан киритилган сармоя 200 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, компаниянинг жорий капиталлашуви бир триллион АҚШ долларидан ошади.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, илм-фан ривожланиши йўлида қуйидагиларни амалга ошириш керак:

– Ўзбекистонда тадқиқотчилар учун илмий одоб-аҳлоқ Кодексини қабул қилиш орқали илмий-тадқиқот муҳитида академик ҳалоллик муҳитини ва соғлом рақобатни шакллантириш;

– ортиқча бюрократик тўсиқлар ва талабларни бартараф этган ҳолда, диссертация ҳимоясининг амалдаги тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, фалсафа доктори ва фан доктори илмий даражаларини тасдиқлаш ваколатини тўғридан-тўғри илмий Кенгашларга босқичма-босқич ўтказиш имкониятини кўриб чиқиш;

– Илмий кенгашлар фаолиятига рақамлаштиришни жорий этиш орқали манфаатлар тўқнашуви, турли расмиятчиликларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, Илмий кенгашларнинг масъулиятини ошириш;

– тегишли давлат идоралари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш орқали илм-фан ва инновация соҳасида давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган тизимига босқичма-босқич ўтиш;

– илмий тадқиқотлар ўтказиш учун самарали ва таъсирчан тизимни яратиш, сохта илмий фаолиятга йўл қўймаслик (сифатсиз илмий мақолалар, “йиртқич” илмий журналларда нашр этиш);

– халқаро илмий-техник маълумотлар базаларида индексланган журналларда илмий мақолалар тайёрлаш ва расмийлаштириш бўйича муаллифлар учун Услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;

– мамлакатни инновацион ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг тизимли ва мақсадли қабул қилинишини таъминлаш (венчур инвестицияларини фаоллаштириш, халқаро илмий ҳамкорлик, интеллектуал мулк соҳасидаги сиёсати).

Абдулазиз Расулев,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсати тадқиқот институти директори ўринбосари,
юридик фанлар доктори, профессор,

Шоҳжаҳон Хўжаев,
Тошкент давлат юридик университетининг
Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси мудири,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг