Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари қай даражада кафолатланган?
Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари қай даражада кафолатланган? Адлия вазирлиги томонидан шу каби саволлар ва Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини мухофаза қилишдаги долзарб масалаларга бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
БМТ Болалар фондининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий суд, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Адвокатлар палатаси, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг ваколатхоналарива филиаллари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Конференция БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси (20.11.1989 йил)қабул қилинганлигининг 30 йиллиги арафасида ўтказилиши унинг ўзига хос жиҳатларидан бири ҳисобланади.
Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга оширишда, шунингдек бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўрнини ёритиш, шунингдек бу соҳадаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда муҳокама этиш, уларни ҳал этишда хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Тадбирда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенцияси қоидаларининг миллий қонунчиликда имплементация қилиниши, болаларга нисбатан жиноят ишлари бўйича суд ишларини юритишда халқаро стандартлар, Ўзбекистон ички ишлар органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, одил судлов тизимида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан бир қаторда, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Маълумот учун: 2019 йил 1 январь ҳолатига республика бўйича васийлик ва ҳомийлик органлари назоратида турган етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 57.600 ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг 6 ойи давомида қўшимча 9.286 нафар ушбу тоифадаги болалар аниқланган.
Шунингдек, мазкур йўналишда халқаро ва хорижий ташкилотлар, давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бир хиллигини таъминлашга қаратилгантаклифлар берилди.
Тадбир якунида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга оширишни янада самарали йўлга қўйиш бўйича таклифлар умумлаштирилиб, тегишли ташкилотларга киритишга келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter