Ўзбекистонда аналог ТВ ўчирилмоқда, рақамли ТВга уланмаганлар нима қилиши керак?
2018 йилнинг декабрь ойида сўнгги аналог узатгичлар ўчирилиши билан Ўзбекистон рақамли телевидениега узил-кесил ўтган давлатлар қаторига қўшилади. Бу ҳақда батафсил маълумот берган эдик.
Шундай қилиб, 2018 йилнинг 15 январидан бошлаб то 5 декабрига қадар бутун республика бўйлаб аналог форматдаги барча телеэшиттиришлар тўхтатилади.
Бу жадвалга асосан дастлаб Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида аналог форматдаги теледастурлар эфири тўлиқ тўхтатилди.
Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш, аналог телеэшиттиришларнинг босқичма-босқич тўхтатилиши тўғрисида аҳолини хабардор қилиш мақсадида 2017 йилнинг ноябрь ойида мобиль алоқа операторлари орқали SMS-хабарлар тарқатилди. Декабрь ойида эса Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги мобиль алоқа абонентлари SMS-хабарлар орқали огоҳлантирилди.
Бундан ташқари, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали доимий эълонлар бериб борилди. Бироқ, такрор ва такрор эълон қилинмасин, аналог ТВ энди тарихда қолишини узатгичлар ўчирилганидан сўнг хабар топганлар орамизда кам эмас.
Хўш, энди нима қилиш керак?
Бугунги кунда республикамизда рақамли телевидениенинг ижтимоий очиқ тўплами шакллантирилган бўлиб, ушбу тўплам таркибига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston», «Yoshlar», «Toshkent», «Sport», «Navo», «Dunyo bo‘ylab», «Madaniyat va ma'rifat», «Bolajon», «Kinoteatr», «Oilaviy», «Mahalla», «O‘zbekiston 24» telekanallari va «O‘zbekiston», «Yoshlar», «Mahalla», «O‘zbekiston 24» радиоканаллари ҳамда «Uzreport», «Futbol TV», «Mening yurtim 5» («MY5»), «Milliy TV», «Zo‘r TV», «Sevimli» («Сaravan TV») нодавлат телеканаллари дастурлари киритилган. Ушбу телеканаллар дастурларини кўриш бепул.
Кимнинг хонадонидаги телевизорда ушбу теледастурлар кўрсатаётган бўлса, улар аллақачон рақамли телевидение (DVB-T2 стандартидаги) хизматларидан фойдаланишмоқда. Агар телевизор кўрсатмай қўйган бўлса, рақамли қурилма харид қилиш зарур.
Рақамли ТВ ёки ТВ-тюнерларни бирданига харид қилиш ҳар бир оиланинг ҳам бюджетига тўғри келмаслиги мумкин. Бундай шароитда аҳолига, айниқса кам таъминланган қатламлар ва пенсионерларга қулайлик яратиш мақсадида АТ «Алоқабанк» ҳамда «UzDigital TV» МЧЖ ҳамкорликда рақамли телеэшиттиришларни қабул қилувчи телевизорлар, тюнерлар ва бошқа рақамли қурилмаларни харид қилиш учун истеъмол кредитини ишлаб чиқди.
Кредит шартлари:
Кредит бошланғич тўловсиз;
Кредит муддати – 3 ойдан 12 ойгача;
Кредит фоизи – йиллик 18 фоиз;
Кредит миқдори – энг кам иш ҳақининг 40 баробаригача.
Кредитни АТ «Алоқабанк» бўлинмаларида расмийлаштириш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter