Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

«Ўзбекистонда 350 тага яқин қўнғир айиқ қолган. Қирилиб кетиш хавфи юқори» – тадқиқотчи

Бир неча кун олдин Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги қишлоқларининг бирида тоғдан тушган айиқ отиб ўлдирилди. Хўш, айиқ одамга тажовуз қиладиган ёшда бўлганми? Айиқни сақлаб қолиш имконияти бор эдими?

«Xabar.uz» шу мавзуда тадқиқотчи Бунёд Абдуллаев билан суҳбатлашди.

– Чироқчидаги айиқ қайси турга мансуб ҳисобланади? У одамларга тажовуз қиладиган ёшда бўлганми?

– Аввало, таклиф учун раҳмат! Мен ўзим бир неча йиллардан бери эндемик турга кирувчи оқ кафт айиқларига қизиқиб келаман. Фаолиятим давомида ҳам бир неча марта айиққа дуч келганман. 2020 йил Бахмал туманида қопқонга тушиб қолган она айиқни қутқариш ишларида бевосита иштирок этганман. Ўшанда она айиқ ухлатилиб, тоғ ён бағрига қўйиб юборилган эди. Бундан кўп ўтмай Паркент тумани Дукент қўрғонига айиқ боласи тушиб қолган. Уни ҳам ухлатиб, тоғ ёнбағирга қўйиб юборганмиз.

Оқ кафт айиқлари бошқа айиқлардан нимаси билан фарқ қилади? Оқ кафт айиқлари эндемик тур бўлгани учун фақат Марказий Осиё ҳудудларида яшайди. Бу айиқ денгиз сатҳидан 2-2,5 минг метр баландликда ҳаёт кечирадиган жонивор ҳисобланади. Тахминий ҳисоб китобларга кўра, 300-350 та қолган. Аниқ саноғи йўқ. Бу бизга нима беради? Бу эндемик тур тоғдаги ҳайвонот дунёсининг занжирини боғлаб турадиган омил ҳисобланади. Яъни, бу айиқ ерни деградациясини бузилишини, кемирувчиларни кўпайиб кетишини олдини олишга хизмат қиладиган ноёб ҳайвон. Ҳудуддаги энг кучли жонивор ҳисобланади. Буни ўрнини босадиган ҳеч қандай ҳайвон йўқ!

Бошқа айиқларга қараганда, оқ кафт айиғининг жуссаси кичикроқ бўлади. Энг каттаси 2-2,5 метр, 600-700 килограмм оғирликда бўлади. Бу айиқлар туғилган вақтида атиги 500 граммни ташкил қилади. Одатда, она айиқ декабрь ойида уйқуга кетади. Бунда айиқ турлари январь ойининг ўрталарида болалайди. Айиқлар кўпинча 2 та туғади. Айиқчалар дунёга келгач, она айиқ уларни 2-3 ой ҳеч қаерга чиқмай, ҳеч нарса емай болаларини катта қилади. Март ойларида она айиқ болаларини далага олиб чиқади.

Чироқчидаги айиққа келадиган бўлсак, кўпчилик уни айиқ-айиқ деяпти, лекин у айиқ боласи! Тахминан, 2 ёшлардаги айиқ боласи. Бу ерлар унинг яшаш ҳудуди ҳам эмас. Чунки Чироқчи денгиз сатҳидан анча пастда жойлашган. Айиқ бу ҳудудга нима учун келиб қолди? Тоғда қор ёққани учун адашиб пастга тушиб қолган.

– Демак, Чироқчидаги айиқ бошқа ҳудудда яшаган?

– Албатта, бошқа ҳудудда яшаган. Оқ кафт айиқлар Ўзбекистон ҳудудининг Тянь Шань тоғ тизмаларида, Туркистон тоғ тизмасида ва Ҳисор тоғ тизмаларида ҳаёт кечиради. Бу айиқ онасидан ажралиб, эндигина мустақил ҳаёт кечираётган айиқ бўлган. У ҳали ўзи мустақил ов қилиш кўникмасига ҳам эга эмас.

Айиқлар баҳорда уйқудан турганида биринчи навбатда илдизли ўсимликлар билан озиқланади. Кейин пиёзли ўсимликларни истеъмол қилади. Чунки уйқудан кейин айиққа витамин зарур бўлади. Бир мунча вақт ўтганидан сўнг кемирувчилар билан озиқланади. Кузга бориб, майда шохли ҳайвонларни овлаш даражасигача боради. Видеода кўрган бўлсангиз, айиқ молхонага кириб олганида ёнида мол бузоқчаси билан турибди. Айиқ молларга тажовуз қилишни ўйлаб ҳам кўрмади. Ҳатто, қарамади!

Оқ кафт айиқлар тоғдан пастга тушадиган бўлса, босим туфайли бошида оғриқ пайдо бўлиб, гангиб қолади. Одатда айиқлар ўзи учун 15-20 гектар ерни ҳудуд қилиб белгилаб олади. Айиқлар тўда-тўда бўлиб яшамайди, айиқлар якка-якка ҳаёт кечиради. 4-5 ёшга тўлганда ўзига жуфт танлаб, ўз ҳудудида кўпаяди.

– Чироқчидаги айиқни сақлаб қолиш мумкин эдими?

– Албатта, Чироқчидаги айиқ боласини сақлаб қолиш имконияти жуда юқори эди. 99 фоиз десак ҳам бўлади. Ўтган йили Табиат ресурслари вазирлиги айиқларни ухлатадиган 2 дона махсус қурол сотиб олган. Кеча шу қуролларни вазирликдан сўраганимда «қуроллар турибди, лекин уларни ишлата оладиган одам йўқ», дейишди. Аммо қурол ишлатишни билган ҳар қандай одам махсус қуролни бемалол ишлата олади.

Менга беришган маълумотга кўра, Тошкент ҳайвонот боғи мутахассисларини жалб қилган ҳолда «DAMAS» автомобилида Қашқадарёга қараб йўлга чиқишган. Аммо Самарқанд ҳудудига борганда автомобиль бузилиб қолган. То Қашқадарё вилоятидан автомобиль келиб, Чироқчига етиб боришгунга қадар кеч бўлган. 

 Ўзбекистон қонунчилигида ёввойи ҳайвонот дунёсини назорат қилиш ва уларни асраш Табиат ресурслари вазирлиги ваколатига юклатилган.

– Чироқчидаги айиқнинг ўлдирилиши сизда шубҳа уйғотмадими?

– Менда шубҳадан кўра, бир ғалати ҳис пайдо бўлди. Биринчи навбатда, одамлар ваҳимага тушиб қолган. Видеода айиқ тепаликка чиқаётганда «от-от», деган овоз эшитилди. Икки кун давомида бир марта бўлса ҳам айиқ одамга ёки уй ҳайвонларига тажовуз қилдими? Йўқ! Шу нуқтаи назарда, агар айиқ жарликдан чиқиб олган тақдирида ҳам, одамларга хавф туғдирмас эди. Буни мутахассислар жуда яхши тушунади.

Айиқни отишига хавфсизлик нуқтаи назардан рухсат берилди, дейишмоқда. Лекин Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ёки қонун ости ҳужжатларида Қизил китобга киритилган қўнғир айиқни отишга ҳеч жойда рухсат йўқ. Мен кўрмаганман бундай қонунни.

– Демак, айиқни ўлдириш қонунан нотўғри иш бўлган?

– Албатта, нотўғри иш.

– Қўнғир айиғи қора бозорда қандай нархланади?

– Аниқлик киритиш мақсадида шуни нарсани суриштирган эдим. Қора бозорда қўнғир айиғи 10 минг доллардан 50 минг долларгача баҳоланар экан. Айиқни териси, гўшти, тирноқлари, суяги алоҳида-алоҳида сотилади.

– Ўзбекистонда, умуман, хорижий давлатларда айиқларга эътибор қандай?

– Мана ҳаммамиз панда айиқни биламиз. Панда Хитойнинг Тибет тоғларида яшайди. Панда айиғининг йўқолиб кетиш хавфи бўлгани учун Хитой ҳукумати уни давлат рамзига айлантирган. Бугунги кунда Хитойда мингдан ортиқ панда айиғи яшайди. Лекин бизда оқ кафт қўнғир айиғи бор-йўғи 300-350 та. Хитойда панда айиғини отган одамга ўлим жазоси белгиланган. Ўзбекистон қонунчилигида эса Қизил китобга киритилган оқ кафт айиғини биринчи марта отган инсонга базавий ҳисоблаш миқдори бўйича  1 бараваридан 10 бараваргача, қайта содир этилса, 20 баравардан 50 бараваргача жарима ёки 7 ойгача қамоқ жазоси белгиланган.

– Оқ кафт айиғи Турон йўлбарсига ўхшаб қирилиб кетмайдими?

– Марказий Осиёда энг кучли жонивор айиқ, деб ҳисобланади. Яқинда кузатувчилар билан суҳбатлашганимда, улар менга шу йил қишда жуда кўп айиқ болалари нобуд бўлганини айтишди. Яъни, бу турдаги жониворнинг популяцияси жуда кам. Агар айиққа бўлган муносабатимизни ўзгартирмас эканмиз, бу жонивор ҳам қирилиб кетиши мумкин.

Сардор Али суҳбатлашди 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг