Ўзбекистонда 14 ёшгача бўлган болаларнинг 62 фоизи зўравон тарбия усулларини бошдан кечирган – ЮНИСЕФ
Ҳар йили дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ бола жисмоний, ҳиссий ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади.
Мултииндикатор кластер кузатуви (MISS) эса Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган 3 нафар боладан 2 нафари (62 фоиз) зўравонлик билан тарбиялаш усулларини бошдан кечиргани (жисмоний жазо ва/ёки психологик тажовуз), 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблашини кўрсатган.
Бу ҳақда бугун, 10 октябр куни бўлиб ўтган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва ЮНИСЕФ ташкилоти вакиллари иштирок этган давра суҳбатида маълум қилинди.
Давра суҳбати иштирокчилари масъулларни болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоя қилиш, Ўзбекистон болалари учун хавфсизроқ ва янада қулай муҳитни яратиш йўлидаги биринчи муҳим қадам сифатида «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилиш учун миллий даражада тезкор ва қатъий чоралар кўришга чақирдилар.
«Зўравонлик нафақат инсон ҳуқуқларини поймол қилади, у боланинг қолган ҳаётига ҳам таъсир қилади. Биз ушбу ўткир муаммо бўйича жимжитликка чек қўйиб, бу муаммо ҳали ҳам мавжуд бўлишига сабабчи жамиятдаги муносабатни ўзгартирмоқчимиз», – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.
Таъкиланишича, зўравонликни тўхтатиш бўйича махсус қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Жиноят кодексига яқинда киритилган ўзгартишларга мос келади, бу эса, ўз навбатида, қизлар, ўғил болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиради. Бундан ташқари, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги махсус қонун зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўп тармоқли хизматларни ривожлантириш ва амалга оширишни таъминлайди.
«Ушбу қонун, агар қабул қилинса, Ўзбекистон фарзандларининг ҳаётини шакллантириш, уларни ҳимоя қилиш, тарбиялаш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларига эга.
Қонун лойиҳасининг тили ва мақсади болаларни ҳимоя қилишнинг энг юқори стандартларини акс эттириши жуда муҳим, бу шунчаки қоғоздаги сўзлар эмас, балки Ўзбекистондаги барча болалар ҳаётини ўзгартирувчи кучдир», – дейди ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter