Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон вафот этди

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон вафот этди

2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар берди.

Омон Матжон 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат университетида таҳсил олди. 1969-2002 йиллар мобайнида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, «Ёшлик» журналида бош муҳаррир, «Чўлпон»нашриётида директор бўлиб ишлади.

Омон Матжон ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб матбуотда ўз шеърлари билан кўрина бошлади. Кейинчалик шоирнинг йигирмага яқин шеърий тўплами, «Тўрабекахоним» насрий қиссаси ва «Нажмиддин Кубро», «Ардахива» бадиалари чоп қилинди.

Омон Матжон ижодида «Чўлдагилар» достон хроникаси, «Гаплашадиган вақтлар» шеърий қиссаси алоҳида ўрин эгаллайди.

Омон Матжон қардош ва чет эл адабиётидан кўплаб намуналарни она тилимизга маҳорат билан ўгирган. Хусусан, Ф.Шиллер, Ш.Бодлер каби жаҳон классиклари, Е.Евтушенко, Р.Ҳамзатов, Ш.Петефи, Ю.Марцинкявичюс, Б.Кербобоев, Сухроб Тоҳир, И.Юсупов сингари шоир ва адиблар ижодидан қилган таржималари эътиборга лойиқ.

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон адабиётимиз ривожи йўлидаги хизматлари учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.

«Xabar.uz» жамоаси шоирнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг