Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ўзининг ўлимини башорат қилганмиди?

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ўзининг ўлимини башорат қилганмиди?

«Тобутни тўрт ўғлим елкага олар, Биттаси олдинда юрар отамлаб...»

Ўзбек адабиётига, миллатимиз болаларига катта адабий мерос қолдирган Ўзбекистон халқ шоири, атоқли адиб Анвар Обиджоннинг умр йўлдоши, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Кароматхон ая Обиджонова билан суҳбатлашар эканмиз, ҳаётда жуфтликлар йиллар давомида ҳар томонлама бир-бирига ўхшаб, бир-бирини тўлдириб бораверади, деган фикрга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Шоирнинг рафиқаси ҳам ўзи каби камтар, камсуқум ва сокин уммон остидаги марварид каби улуғ қалб эгаси экан.

– Болалик – инсон умрининг энг беғубор ва беташвиш фасли, ота-онаси, яқинлари бағрида эркаланиб, улғаядиган даври. У паллаларни йиллар шамоли учириб кетса ҳам инсон соғинч ва ажиб бир энтикиш билан эслайди. Аммо устоз Анвар Обиджон билан сизнинг болалигингиз урушдан кейинги оғир тикланиш йилларига тўғри келган. Устоз болалигини қандай хотирларди, сиз ўз болалигингиз ҳақида ўйлаганда нималарни эслайсиз? 

– Дунёда ҳеч бир инсон бўлмаса керакки, болалигини соғинмаса. Болалик қимматчилик-қаҳатчиликда ўтсин, очлик, камбағаллик, йўқчиликда ўтсин, барибир, ҳар бир одам уни энтикиб хотирласа, олис йилларни қўмсаса, соғинса керак. Чунки у ҳаётининг ажралмас бир қисми, ортга қайтариб бўлмайдиган тарихи. Унда бугун ҳаётида йўқ бўлган яқинлари билан ўтган гўзал хотиралари бор. Инсон учун болалик энг беғубор палла бўлиб, у билан боғлиқ хотиралар тоабад юрагининг бир бурчида азизлик мақомида туради. Мен учун ҳам шундай: яқинларим, менга азиз бўлганлар, мени азиз билганлар... Улар қаторида Анвар ака билан боғлиқ ўй-хаёлларим – менинг буюк дурдоналарим...

Анвар ака билан битта мактабда таҳсил олганмиз. У киши 4-синфгача бошқа мактабда ўқиган. Биз туғилиб ўсган Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида янги 13-умумтаълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилгач, Анвар ака ҳам шу даргоҳга келиб, ўқишни давом эттирган. Тақдир дегани шунчалар сирли ва ажойиб экан-да. Бўлмаса бир мактабда шунча йил бирга ўқисак ҳам бир-биримизга нигоҳимиз тушиб, кўнгил бериш у ёқда турсин, ҳатто яқинроқ таниш ҳам эмасдик. У қишлоқнинг бошқа маҳалласидан, мен бош­­қасидан келиб ўқирдик.

Мактабни тамомлаганимиздан кейин тақдир бизни бир-биримизга рўбарў қилди. Менга совчилар келгани, йигит билан мактабдош эканимни айтишди. Қайнотам раҳматли ўғиллари ҳарбий хизматда эканлигидаёқ мени келин қилишни кўнгилларига тугиб қўйган эканлар.

У пайтларда бугунгидек дабдабаю исрофгарчиликлар борми – икки ёшнинг турмуш қурганини элга, маҳаллага билдирувчи ихчамгина тўй бўлиб ўтди.

– Бугунги ёшларимизнинг ўқиш, билим олиш, турмуш қуриб, бекаму кўст яшаши учун барча шарт-шароит муҳайё. Аммо ёш оилаларга тезда дарз кетиб, ажрашишлар сони кўпаяётгани ачинарлидир. ХХ асрнинг 60 – 70-йиллари ёшлари, яъни, сизлар учун бундай имкониятлар мавжуд эмас эди, лекин оилалар мус­таҳкам, бир-бировга меҳр-муҳаб­бат, ҳурмат, оқибат кучли бўлган. Сабаби нимада эди? 

– Мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман. Хулосаларим шуки, меҳнат одамга ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳурмат қилишга, бировни қадрлашга, шукр қилишга ўргатади. Халқимизда ажойиб бир нақл бор: «Очлик нени едирмас, тўқлик нени дедирмас». Бу мақолни мушоҳада қилиб кўрсангиз, замирида жуда катта ҳикмат бор. Тўқликни кўтара олмаган баъзи одамлар ўйламасдан гапириб, бировнинг кўнглини оғритади, Аллоҳнинг берган ризқу насибасига шукр қилиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик кераклигини унутади. Ҳаётида қийин­чилик, машаққат кўрган одамлар ноннинг увоғини ҳам увол қилмайди. Қайнонам раҳматли ҳар бир нарсанинг қадрига етадиган инсон эдилар. У кишининг бу феъллари Анвар акага ҳам ўтган.

Биз Анвар Обиджон билан 1969 йилда турмуш қурганмиз. Ўша пайтда мен эндигина 17 ёшга кирган, соддагина қиз эдим. Уларнинг оилада 8 нафар фарзанд бўлиб, шундан уч нафари қиз, 5 нафари ўғил эди. Анвар ака ўғил фарзандларнинг энг каттаси, яъни ота-онасининг суянган, ишонгани эди. Мен келин бўлиб тушганимдан икки ой ўтгач қайнотам оламдан ўтди. Бу кўп болали хонадонимиз учун катта йўқотиш бўлди. Болаларнинг қорнини тўйғазиш, устини бутлаш, уларни ўқитиб, уйлантириб, уйли-жойли қилиш масъулияти, рўзғор юки ўз-ўзидан Анвар аканинг зиммасига тушди. Шу сабабли, тирикчилик ғамида, онасига ёрдам бериш учун турли жойларда ишлади. Ана шундай паллаларда биз ҳаёт қийинчиликларига сабр қилиб, барча синовларни биргаликда енгиб ўтдик.

– Маълумки, устоз аввал молия соҳасида таҳсил олиб, жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири бўлиб фаолият олиб борганлар. Кейинчалик журналистика соҳасида билим олишларига нима туртки бўлди? Дипломсиз ҳам ижод қилавериши мумкин эди-ку?

– Анвар аканинг болалигидан адабиётга қизиқишлари катта бўлган, шеър­лар ёзган. 6-синфда ўқиб юрган пайтидаёқ шеърлари ўша пайтдаги «Ленин учқуни» газетасида Миразиз Аъзам таҳрири остида чоп этилганини кўп гапирарди.

Далада ишласалар ҳам, клуб мудири бўлиб ишлаган пайтларида ҳам ижоддан тўхтамас, дилида журналистика соҳасида ўқиб, билимларини янада мус­таҳкамлаш истаги бор эди. Ота-онаси олдидаги бурчларини бажариб, яъни укалари ташвишидан қутулгач, қалбининг туб-тубидаги ягона истаги у кишини олий ўқув юртига етаклади ва бу даргоҳ Анвар аканинг мақсадига етишига, ишини пойтахтда, ижодкор дўстлари сафида давом эттиришига замин яратди.

– Фарғона воҳаси инсонларининг ҳар бирини ҳажв, кулги устаси десак бўлади. Устозга бу хис­лат юртдошларидан ўтганми ёки отамеросми?

– Гапингиз тўғри, фарғоналиклар, айниқса, Олтиариқ халқи кулгини, ҳажв ва аскияни яхши кўради. Уларнинг тўрт киши тўпланган тадбири йўқки, кулгисиз, ҳажвиясиз ўтса. Қайнотам раҳматли кулгига жуда мойил, ҳамиша кўтаринки кайфиятда, табассум билан юрадиган, сўзамол, ҳозиржавоб одам сифатида хотирамда қолганлар. Балки Анвар акага ҳам бу хислат отамеросдир. Қишлоқ одамларининг содда ва самимий кулгуси уларга доим илҳом бахш этиб турган бўлса ажаб эмас.

– Мухлислари ҳажвчи шоир сифатида яхши биладиган устоз яратган асарларнинг ўзбек адабиётидаги ўрни ниҳоятда катта. Анвар ака ҳаётда, оилада, фарзандлари билан муомалада, одамлар билан муносабатда ҳам ҳажвдан кенг фойдаланармиди?

– У киши жуда камтарин, соддадил инсон эдилар. Ўрни келганда, ҳазил-мутойибани ҳам боплардилар. Ҳамқишлоқлар билан суҳбатлари доим кулги, аския ва пайровларга уланиб кетарди. Анвар ака одамлардан илҳом оларди гўё. Бежиз асарларидаги қаҳрамонлар ҳам айнан оддий қишлоқ одамлари бўлмаган. Ўзлари узоқ йиллар колхозда ишлаб, оғир меҳнатнинг нонини егани учунми ёки ўзининг қалбига яқинмиди улар, билмадим, лекин қишлоқ одамларини жуда яхши кўрардилар. Олти­ариққа борганда уларни маҳалла гузаридан топардик. Қишлоқдошлари, қўни-қўшнилар, маҳалла одамлари билан гаплашиб, аския, ҳазил-мутойиба қилиб, яйраб ўтирганини кўрардик. Халқ орасидаги ўзаро сўзлашувларда ишлатиладиган ибораларни тинглаб роҳатланар ва улардан ижодида маҳорат билан фойдаланарди.

Колхозда бирга ишлаган одамларни кўриб қолсалар кўзлари қувончдан порлаб кетар, суҳбатлашиб, ҳузурланар эдилар.

– Шоирнинг замондошлари ҳамиша табассум билан юрадиган камтар ва самимий, кези келганда мутойибани дўндирадиган инсон сифатида ҳурмат билан эслашади. Демоқчиманки, шоир бу борада қандай эътирофга молик хислатларга эга эди?

 – Анвар ака жуда камтарин, соддадил киши эди. Ҳатто Чўлпон нашриётига директор бўлганини уч-тўрт ойдан сўнг бошқалардан эшитиб, нега мендан яшириб юрибсиз, деб хафа бўлсам, «Шоирликдан янаям пастладим, дейишга уялдим-да», – деб ўзини оқлаган эди.

Камтарлигини таомланишда ҳам кўриш мумкин эди: нима тайёрласангиз ҳам шукрона келтириб, камгина тановул қиларди. Қаймоқ шўрвани жуда яхши кўрар эди. Ўзлари эса қайнатма шўрвадан бошқа бирон таомни тайёрлашни билмас эдилар.

Анвар ака баъзида оила даврасида ҳам ҳазил-мутойиба қилиб қўярди.

Бир куни телевизорда уруш ҳақида кино кўраётган Бобуржон ўғлим: «Дада, сиз ҳам армияда замбарак отганмисиз?» – деб сўраб қолди.

– Йўқ – деди дадаси. Бобуржон бола эмасми, «Нимага отмагансиз?» – деб, саволга тутаверди. Шунда Анвар ака жиддий туриб: «Бировлар кўрсатган томонга қараб отгим келмагани учун отмаганман. Отганга яраша ўзинг хоҳлаган томонга қаратиб отсанг экан», – деган эди.

Бу билан болаларига ҳаётда ҳар кимнинг мустақил фикри бўлиши, бировнинг таъсирига тушиб, нағмасига ўйнамаслиги керак, деган фикрни сингдириш йўли билан тарбия берганлар-да.

Баъзида хафагарчиликларни мутойиба билан енгарди. Тошкентга кўчиб келганимизда анча камхарж эдик. Тузукроқ кийим-кечак олиб беролмагани учун «Сиз билан яшаб, мана, қулоғимдаги тилло балдоғимдан бошқа ҳеч нимам йўқ», – десам:

– Менда нима бор экан? – деб муғомбирона кулдилар. – Мениям тилло балдоқли хотинимдан бўлак бисотим йўқ, – дедилар.

Фарзандлари тарбиясига жуда эътиборли эдилар. Шоир ҳаётда қанчалик камтарин, камсуқум бўлса, оилада шунчалик қаттиққўл ва эътиборли эди. 

Унча-мунчага жаҳли чиқмас, ҳамиша кулиб юрардилар. Аммо агар аччиқланса борми, ҳеч кимни ва ҳеч нимани аямас, бундай пайтларда у кишидан фақат қочиб қутулиш мумкин эди. У киши масъулиятсиз одамни ёқтирмас, иккиюзламачиларни кўргани кўзи йўқ эди. Агар мен ёки болаларнинг бирортаси масъулиятсизлик қилсак, бир қараши билан норозилигини билдирар эди. Шундай қарардики, ўша болам калтак егандан баттар ҳис қиларди ўзини ва бир ҳафтагача отасининг кўзига кўринишдан қўрқиб, панада юрарди. Мабодо кўча ёки мактабдан ким биландир уришиб келишса, дадасининг кўзига кўринишмас, бувисига ёки менга айтишарди. Чунки дадаси билиб қолса, ўзи дашном эшитишини билишарди.

Анвар ака унақа пўрим бўлиб юришга қизиқмас, аммо озода кийинишни яхши кўрар, болалардан ҳам шуни талаб қиларди. Фарзандларига сифатли ва қиммат кийимларни сотиб оларди. Арзон кийдирадиган даражада бой эмасман, дердилар. Энди бу гапларининг маънисини тушунаман: кетма-кет 5 нафар ўғил бола арзон кийимни бир ҳафта ёки бир ойга етмасдан йиртиб келар, сифатли кийим анчагача чидар эди-да.

– Тўрт қайин ука, кейинчалик беш ўғил фарзанд... Уларнинг озода юриши, хонадон тозалиги, ошхонадаги юмушлар сизни чарчатган паллалар бўлмай иложи йўқ. Шундай вақтда турмуш ўртоғингиз ёрдамлашармидилар?

– Анвар акам умри давомида фақат ўқидилар, ишладилар ва ижод қилдилар. Беш ўғлимиз бирин-кетин улғайиб, рўзғор ишларини зиммаларига олишди. Ошхона юмушларини мен ўзим бемалол эплардим. Чунки ошхонанинг эгаси фақатгина аёл киши деб ўйлайман. Кейин кетма-кет келинлар тушгач, менга ҳам иш қолмади.

– Шоир учун энг қадрлилар кимлар ва нималар эди?

– Болалар, болалар ва яна болалар! Уйдами, йўлдами, тўйдами – қаерда бўлмасин, кичкинтойларни кўрса ёнига чопиб борардилар. Улар билан гаплашиб, ўйнаб, суҳбатлашиб тўймас эдилар. Неваралари билан ҳам худди тенгдош ўртоқдек болаларча суҳбатлашардилар. Анвар Обиджонни болаларга бўлган меҳри шоир қилган бўлса ажаб эмас.

Шоир учун қадрлилар кимлар дедингиз. Аввало, онаси десам, тўғри жавоб берган бўламан. У киши онасини жудаям яхши кўрарди. Опалари меҳмонга келишса, кувончи ичига сиғмас, болаликдаги укага айланиб қолардилар гўё.  

– Шодон эрсанг, яширма ҳаргиз,

Кулишайлик,

Суҳбатни безат.

Ғаминг бўлса тортмагин ёлғиз,

Икки тортим менга ҳам узат – 

деган сатрларни битган шоир барчанинг қувончу ғамига елка тутишга тайёрлигини кўрсатади. Шундай эмасми?

– Тўғри, у кишининг дўстлари жуда кўп эди. Дўстлари ва шогирдларига жуда меҳрибон эди. Аҳмаджон Мелибоев энг қадрли дўсти ва маслаҳатгўйи, Эркин Воҳидов ва Миразиз Аъзамларни эса устоз деб билардилар. Шогирдларининг мен таниган-танимаганларим қанча! Улар билан доимий мулоқотда бўлар, қўлларидан келган ёрдамини аямасди. Айниқса, Аъзам Ўктам, Ҳулкар Ҳамроеваларни яхши кўрарди.

Бунинг устига жуда меҳмондўст эдилар. Тошкентда яшаган пайтимизда уйимиздан одам аримас, уйимизнинг эшиги 40 йил қулфланмаган десам, ишонаверинг. Деярли ҳар куни узоқ-яқиндан меҳмонлар келишар, айниқса, Фарғона, Олтиариқдан келадиган таниш-билишларнинг кети узилмас, баъзида нотанишлар ҳам кимнингдир кими эканлигини айтиб келаверишарди. Кимлардир беморлиги сабаб тажрибали шифокор излаб келса, бошқалари яна қандайдир юмуш билан келар, ҳатто ижарага уй тополмай қолган шогирдлари ҳам ҳафталаб хонадонимизда қолишар, бу Анвар акага асло малол келмас, аксинча, ҳар бири билан ўз яқини каби дилдан суҳбатлашар, имкони бўлса керакли манзилига ўзи олиб бориб келар, маблағи камлигини сезса, шифокорга ҳам ўзи бориб, яширинча пул тўлаб келардилар.

– Анвар аканинг «Кипригинг нега нам...» шеърига эътибор берайлик:

Эмасмиз шунчаки тирик жон,

Энг олий онг мавжуд одамда.

Ва бизда бор экан то виждон, 

Йиглаш-чун сабаб кўп оламда.

Кипригинг нега нам, жонгинам?

 

Яна бир шеър эса:

Урилажак дўқлардан,

Узилажак ўқлардан,

Омон асра мени, чарх!

Туғилажак нафратдан,

Тўқилажак туҳматдан,

Омон асра мени, чарх! – 

деб бошланади. Шоир юрагидан тўкилган бу сатрлар бежиз бўлмаса керак? У киши ҳаётда нималардан қувонар, нималардан азобланар, қийналар эди?

– Анвар ака, одатда жуда сирли, камгап ва камсуқум одам эди. Буни дўстлари, шогирдлари, таниган-билганлар яхши билса керак. Оилада ҳам шундай бўлган, ичидагини доим тўкиб солмасди, кам гапирарди. Нимадандир изтироб чекиб шеър ёзган бўлсалар ҳам менга сездирмасдилар. Дарду ташвишини ичда сақлардилар. Бу биз, яқинларини аяганларидан бўлса керак... Лекин бир нарсани аниқ биламанки, барча шеърларида ҳаётда ўзлари гувоҳ бўлган ва таъсирланган воқеалар, хулосалар, ҳикматлар акс этган.

– Ёзиб тугатилган асарнинг биринчи ўқувчиси... 

– Одатда, у киши ёзган асарларини менга ёки фарзандларига дарров ўқиб бермасдилар. Тинмай ёзаверардилар, биз эса бу асарларни газета-журналлар, китобларда чиққанидан сўнг ўқирдик.

– Ўтган умр йўлларингизга қараб, кўнглингиздан нималар ўтади: хатолар, сабоқлар, фахр туйғуси...

– Мен оддий қишлоқдан чиқиб, мамлакат маркази – Тошкентга келиб, кези келса қийналиб, ўзбек шоиру ёзувчилари қаторида ўз ўрнини топиб, бутун мамлакатнинг катта шоири – Ўзбекистон халқ шоири даражасига етгунича у кишининг ёнларида турдим. Аслида ўрта маълумотлиман. Олий ўқув юртида ўқимаганман. Адабиётни ўқимишли одамлар каби тушунмасам ҳам, катта бир ижодкорнинг рафиқаси бўлиб, унинг ижод қилиши учун болалар тарбияси, уй юмушларини зиммамга олишга ҳаракат қилиб, имкон қадар ёрдамлашиб, у киши билан бирга ҳаёт кечирганимга доимо шукрона келтираман.

– Боғбон учун эккан ҳосилининг меваси ширин. Шундай экан, устоз фарзандлари камолини кўриб қандай ҳузурланар эдилар? 

– Бизга Яратган беш нафар ўғил фарзанд берди. Ҳаммасини ўқитиб, уйли-жойли қилдик. Тўнғич ўғлим Баҳромжон ота касбини танлаган. Журналистика соҳасида ўқиди. Ҳозир Фарғона вилояти телерадиокомпанияси раиси бўлиб ишлаяпти. Баҳодир – тадбиркор, Ботир – иқтисодчи. Бобур ва Бунёд эса фермерлик билан шуғулланади. Ўғилларимизнинг ҳар бири ўз касби-кори, даромад манбаига эга. Эл-юрт хизматига камарбаста. Улардан невара, ҳатто чевара ҳам кўрдик. Анвар акамнинг ўзлари невараларига Барчиной, Тўмарис деб улуғ аждодларимизнинг исмларини қўйганлар.

Мен бугун комил ишонч билан айта оламанки, турмуш ўртоғим ўғиллари билан ич-ичидан фахрланардилар. Буни анча олдин ёзилган шеърда шундай ифодалайдилар:

Тангримдан розиман минг бор, минг марта,

Меҳрибонлик қилиб эҳтиёт шартдан –

Ўғил берди менга бештасин жамлаб.

Тобутни тўрт ўғлим елкага олар,

Биттаси олдинда юрар отамлаб...

Бу ҳақда фарғоналик шоир Абдувосит Сиддиқ шундай ёзади: «Қизиқ, бу сатр­ларда қандай маъно бор?.. Ўшанда бир муддат ўйга толганим рост. Анвар Обиджон Ўзбекистон Халқ шоири бўлса, шундай машҳур одамнинг жанозасига дўстлари кечикадими, келмай қоладими?

...Ўша машъум кун – 2020 йилнинг 12 апрелида карантин қоидалари кучайтирилган эди. Ўзбек адабиётининг улуғ адибининг тобутини ўзи ёзганидай, беш ўғли ва фақат яқин жигарлари кўтаришди.

...Ҳамон ўйга толаман. Ўша сатрларни ёзаётганида устоз коронавирус деган бало чиқиши, бу бало дунёни таҳликага солишини, карантин жорий этилиб, тўй-маъракалар бир муддат тўхтаб қолиши, жанозасига одамлар кела олмаслигини ички бир туйғу билан сезганмикан?

Агар сезган бўлса, демак, авлиё экан...»

Мен эл корига яраётган ўғилларимизга, невара-чевараларимизга қараб, уларда отасининг, бобосининг хислатларини кўриб қувонаман. Бир ўзбек аёли, она эришиши мумкин бўлган барча нарсага эришганимни юрагимдан ҳис қиламан. Мен учун энг катта бахт Анвар Обиджондек забардаст ижодкор билан бирга яшаганим ва қолаверса, фарзанд­ларимизнинг бахту камолини кўраётганимдир.

Ўзбекистон халқ шоири, атоқли адиб туғилиб, яшаган Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғидаги кўчага Анвар Обиджон номи берилгани, ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Олтиариқ туман ҳокимлиги томонидан катта стадионда «Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал» деб номланган шоир хотирасига бағишланган тадбир мунтазам тарзда ўтказилиши, асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, дунё болалари томонидан севиб ўқилаётгани шоир асарларининг умрбоқийлигидандир.

«Мен Олтиариқнинг оддий боласиман», деб ёзган Анвар Обиджон асарлари билан элда азиз бўлиб, ўзига маҳобатли ҳайкал қўйди. Дунёда болалар бор экан, ўзбек халқи бор экан, унинг асарлари севиб ўқилиб, номи абадий ёдда сақланади:

Дўстларим мармардан бермангиз сайқал,

Қабрим ҳам кўринсин ўзимдай содда.

Юртга керак бўлсам шу ўзи ҳайкал,

Элга азиз бўлсам, сақлашар ёдда!

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

(«Adolat» газетасидан)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг