Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида муносабатлар ўрнатилганига 32 йил бўлди

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида муносабатлар ўрнатилганига 32 йил бўлди

Саудия Арабистонининг элчиси Юсуф бин Солиҳ Ал-Гаҳра Ал-Утайбийнинг маълум қилишларича, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 20 февралида ўрнатилган.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги биринчилар қаторида Ўзбекистон мустақиллигини эътироф этган. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил апрелда Саудия Арабистонига амалга оширган ташрифи мустақил Ўзбекистон раҳбарининг хорижга илк ташрифларидан бўлган.

Ўттиз йилдан кейин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари томонидан 2022 йилнинг 17 – 18 августида Подшоҳликка амалга оширилган тарихий ташриф ва валиаҳд шаҳзода, Вазирлар Маҳкамаси раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ҳазрати Олийлари билан ўтказилган музокаралар иккиёқлама алоқалар тарихидаги ҳамкорликни юқори даражаларга кўтарди ва фаоллаштирди. Қатор битимлар ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Элчи Жаноби Олийлари Ўзбекистон бўйича таассуротлари катта эканлиги, бу ўлка тарихи ва фарзандларининг турли соҳалар ривожига ҳиссаларини таъкидлаб, мамлакатнинг туризм соҳасидаги имкониятларини кўрсатиб ўтди.

Подшоҳликнинг «2030 йилга нигоҳ» стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ўртасида ҳамоҳанглик кузатилади. Мазкур стратегиялар турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Мисол тариқасида Подшоҳ Сауд университети ректори ва Умм ал – Қура университети ректори ўринбосари Ўзбекистонга, Тошкент давлат шарқшунослик  университети ректори Подшоҳликка ташриф буюрдилар. Подшоҳ Сауд университети ва Тошкент давлат шарқшунослик  университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. У ўзаро тажриба, ўқитувчилар ва талабалар билан алмашиш, араб тилини ўқитишда ҳамкорликни кўзда тутади. Подшоҳ Салмон номидаги академия Ўзбекистондаги таълим даргоҳларида араб тили бўйича ўқув курслари ташкил этмоқда.

Ўз сўзида Элчи Жаноби Олийлари Подшоҳликда ўқишни истаган киши «Саудия Арабистонида таҳсил ол» платформасига кириши ва таълим олиш учун хоҳлаган йўналишини танлаши мумкинлигини билдирди.

Шунингдек Элчи Жаноби Олийлари Саудия Арабистонининг халқаро майдон ва минтақадаги ўрнига тўхталиб, «G20»  давлатларидан бири экани ва ушбу гуруҳнинг 2020 йилдаги саммитига мезбонлик қилганини кўрсатиб ўтди.

2023 йилнинг июлида Жидда шаҳрида Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Подшоҳлик кўплаб халқаро муносабатларга мезбонлик қилмоқда ва қилади. Жумладан, 2027 йилда футбол бўйича Осиё биринчилиги, 2030 йилда «ЭКСПО - 2030», 2034 йилда  футбол бўйича Жаҳон биринчилиги ҳамда бошқа турли анжуманлар, форумлар, конференциялар ва кўргазмалар ўтказилади.  

Элчи Жаноби Олийлари бугунги кунда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги инвестициялари ҳажми 20 млрд. АҚШ долларидан ошгани, инфраструктура, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳаларга инвестиция қилиш имкониятлари катталигини билдирди. 

Суҳбат асносида  Элчи Жаноби Олийлари икки мамлакат ўртасида инвестиция, иқтисод ва савдо соҳаларида алоқаларни кенгайтириш мақсадида 2023 йилнинг декабрида саудия – ўзбек қўшма комиссиясининг 6 – йиғилиши ва Ишбилармонлар кенгашининг 5 – йиғилиши бўлиб ўтганини қайд этди.  

Саудия тараққиёт жамғармаси ўзаро ҳамкорликда муҳим ўрин тутади. Шу кунга қадар жамғарма Ўзбекистондаги турли соҳалардаги 13 лойиҳага 360 миллион АҚШ доллари ажратган.

Бундан ташқари тараққиёт жамғармаси тузилиб, унинг сармояси 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Бугунги кунда ўзаро фаол авиаташувлар йўлга қўйилиб, ҳафтасига 25 рейс амалга оширилмоқда. Хусусан, Саудия Арабистонининг «Fly nas» авиакомпанияси ҳафтасига 8 рейсни адо этмоқда. Мазкур рейслар ўзбекистонликларнинг Подшоҳликка боришларига қулайлик туғдириб, Умра амалларини адо этишлари ёки саёҳат қилишларини осонлаштирмоқда. Элчи Жаноби Олийлари икки мамлакат ўртасида саёҳатчилар сонининг ошиши ва туризм ривожланишига интилишларини таъкидладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг