Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон 7 миллиард долларлик келишувга эришди

Ўзбекистон ва Қозоғистон 7 миллиард долларлик келишувга эришди

Ўзбекистон ва Қозоғистон қиймати 4,4 миллиард долларни ташкил этувчи 34 та сармоявий лойиҳа ва қиймати 2,6 миллиард долларлик 7 савдо битимини амалга оширади. Жорий йил 7 август куни Қозоғистонда икки давлат бош вазирлари ўринбосарлари Жамшид Хўжаев ва Серик Жумангарин иштирокидаги бизнес форумда ана шундай келишувга эришилган.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, энергетика, тоғ-кон саноати ва геология, транспорт, кимё саноати, қурилиш, электротехника, машинасозлик, фармацевтика каби йўналишларда сармоя лойиҳалари амалга татбиқ этилиши режалаштирилган.

Икки қардош давлат қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорликни кучайтиришни ҳам мақсад қилган. Жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириш кўзда тутилган.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари учлигидан ўрин олган. Кейинги йилларда ўзаро савдо айланмаси 4 миллиард доллардан ошди. Икки давлат ушбу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришни кўзламоқда.

Янги битим ва келишувлар ана шу мақсадга қаратилган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча давлат ташрифи билан Қозоғистонга борди. Остона халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев кутиб олди. Бугун икки мамлакат етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг