Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Россия қўшинларини Украинадан олиб чиқиш бўйича резолюцияда бетараф қолди

Ўзбекистон Россия қўшинларини Украинадан олиб чиқиш бўйича резолюцияда бетараф қолди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеяси «Украинада кенг қамровли, адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш тамойиллари» тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжатда, хусусан, Россия ўз қўшинларини Украина ҳудудидан «халқаро тан олинган чегаралари доирасида» олиб чиқишга, шунингдек, муҳим инфратузилмага зарба беришни тўхтатишга чақиради.

Резолюцияни 141 давлат қўллаб-қувватлади, 32 давлат бетараф қолди. Етти давлат қарши чиқди, булар - Россия, Беларус, Шимолий Корея, Мали, Никарагуа, Сурия, Эритрея. Ўзбекистон эса бетараф қолган. 

Қарорда айтилишича, Бош Aссамблея БМТга аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотларни «БМТ Низомига мувофиқ Украинада кенг қамровли, адолатли ва барқарор тинчликка эришиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни икки баробар қўллаб-қувватлашга» чақиради.

БМТ Бош Aссамблеяси, шунингдек, Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Қарор Россиянинг Украинадаги фуқаролик объектларига, жумладан турар-жой бинолари, мактаблар ва шифохоналарга ҳужум қилишдан тийилишга чақиради. Ушбу ҳужжат, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан фарқли ўлароқ, мажбурий характерга эга эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг