Ўзбекистон Қаҳрамони вафот этди
Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Тиббиёт соҳасидаги таниқли олима, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Малика Абдуллахўжаева бугун, 26 июнь куни 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
М.Абдуллахўжаева 1932 йил 28 ноябрда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида туғилган. 1956 йили Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)ни тугатиб, Россия Фанлар академияси Мия институти аспирантурасида таҳсил олган. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.
М.Абдуллахўжаева ўз меҳнат фаолиятини 1960 йили Тошкент давлат тиббиёт институти ассистенти сифатида бошлаган. Истеъдодли олима қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Рентгенология, радиология ва онкология илмий-тадқиқот институти (ҳозирги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази) лабораторияси мудири, Тошкент давлат тиббиёт институтида кафедра мудири, Ўзбекистон Республикаси патологоанатомик маркази директори каби лавозимларда самарали меҳнат қилиб, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, тиббиёт фанининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган.
Заҳматкаш олиманинг тиббиёт соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 300 дан зиёд илмий мақолалари, 20 га яқин китоб ва монографиялари ҳамда 10 га яқин муаллифлик ишлари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум. Айниқса, мамлакатимизда патологоанотомик хизматни ташкил этиш, мазкур соҳадаги самарали илмий ишланмалари билан янги ва замонавий тиббиёт йўналишларини ривожлантириш борасида фидокорона меҳнат қилиб, ўзининг илмий изланишлари, раҳбарлик маҳорати, катта билим ва тажрибаси, амалий ташаббуслари билан кенг жамоатчилик ўртасида юксак ҳурмат ва эътибор қозонган.
Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.
Академик М.Абдуллахўжаеванинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У Ўзбекистон Қаҳрамони унвони ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter