Ўзбекистон креатив ва медиа саноатининг энг машҳур вакиллари Uzbekistan’s club медиа резидентига айланди
Хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликларни бир глобал майдонда бирлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Uzbekistan’s club онлайн платформаси ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда лойиҳа жамоаси маълум қилди.
Uzbekistan’s club бу халқаро миқёсда муваффақият қозониб келаётган ўзбекистонликларни бир ерга жамлаш мақсадида яратилган глобал платформа. Эксклюзив ва юқори сифатли, таъсирчан контент ёшларга мотивация улашади, кўп тармоқли лойиҳаларимиз эса уларга жаҳон тоифасидаги мутахассис бўлиб етишишда йўл кўрсатувчи бўлиб хизмат қилади. Бундай муваффақият қозонган ўзбекистонликлар дунёда жуда кўплаб топилади. Аммо уларни бирлаштириб турувчи ягона платформа шу кунга қадар яратилмаган эди. Шуларни инобатга олиб жамоа шу каби одамларни бирлаштирувчи ва Ўзбекистон билан алоқаларда кўприк сифатида хизмат қилувчи платформани яратди.
Uzbekistan’s club платформасини Ўзбекистондаги креатив ва медиа саноатнинг энг таниқли шахслари, журналистлар ва блогерлар ҳам қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Улар Uzbekistan’s club платформасида медиа резидентлар сифатида рўйхатдан ўтишган. Бугунги кунга келиб 20га яқин медиа резидентлар Uzbekistan’s club жамоасига қўшилишган. Жумладан хонанда Лола, актёр Алишер Узоқов, блогерлар Азиза Умарова, Ақида Ҳанум, Хушнудбек Худойбердиев, журналистлар Қобил Хидиров ва Навбаҳор Каримоваларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Инста-блогер, вайнер, клуб медиа резидентларидан бири бўлган Темур Алиханов Uzbekistan’s club ва унинг Ўзбекистонлик лойиҳаси ҳақида гапираркан: «Бу – бир лаган палов ёки ота-боболаримиздан қолган тарихий обидалар эмас, аксинча ўзини янгидан кашф қилаётган, қийинчиликларни сабр билан енгиб, янгиликлар ва мақсадлар сари интилаётган ёшлар, яъни биз», – дея фикр билдириб ўтди.
«Ўзбекистонлик – жангчи, ўзбекистонлик – ғолиб. Бизнинг давримиз келди. Шунинг учун ҳам бу лойиҳани қўллаб-қувватлаш лозим деб ҳисоблайман», – деган яна бир клуб медиа резиденти, блогер Никита Макаренко.
Uzbekistan’s club жамоасини Ўзбекистоннинг йирик компаниялари қўллаб-қувватлаб келмоқда. Жумладан, Pepsi савдо белгиси, Uzbekistan Airways авиакомпанияси Ucell алоқа оператори, Anorbank ва Orient Group компаниялари лойиҳани қўллаб-қувватлаб, уларга турли кўринишда кўмак бериб келмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter