Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишда Эстония ва Финляндия тажрибасини ўрганади
Ўзбекистоннинг Латвиядаги дипломатик ваколатхонаси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кўмагида 17-20 апрель кунлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Эстония ва Финляндияга амалий ташрифи ташкил қилинади.
Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Эстония адлия, ички ишлар вазирликлари, Электрон ҳукумат академияси, Давлат харидлари ва давлат кўмаги бошқармаси, шунингдек, Финляндиянинг ташқи ишлар, адлия, молия вазирликлари, Рақобат ва истеъмолчилар идораси ҳамда Хельсинки университети Қонун устуворлиги маркази раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Учрашувларда ушбу давлатларда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг шаклланиши, давлат идораларининг соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда коррупциянинг олдини олиш, хусусан, давлат органларининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги бўйича тажриба алмашилади ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади.
Бугунги кунда Эстония электрон ҳукуматни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича Европа ҳамда дунёда етакчилардан бири ҳисобланади. Аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 600 дан ортиқни, тадбиркорларга кўрсатиладиган давлат хизматлари сони эса 2400 дан ортиқни ташкил этади.
Финляндия «Transparency International» халқаро ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида 2-ўринни эгаллаб, дунёдаги энг коррупциясиз давлат сифатида эътироф этиб келинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter