Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ҳаво йўллари 601-рейсдаги жанжал юзасидан маълумот берди

Ўзбекистон ҳаво йўллари 601-рейсдаги жанжал юзасидан маълумот берди

Бир муддат олдин Uzbekistan Airways’нинг Тошкент – Москва йўналишида учган HY-601 рейсида жанжал келиб чиқани ҳақида хабар берилган эди. 

Ҳаво йўлларининг берган расмий маълумотга кўра, 2023 йил 7 март куни HY-601 Тошкент – Москва йўналишидаги авиақатнови ҳаво кемаси Домодедово аэропортининг об-ҳаво шароити (учиш-қўниш йўлагининг ҳолати хавфсиз қўнишни амалга ошириш учун зарур талабларга жавоб бермаганлиги) сабабли Внуково халқаро аэропортига мажбурий қўнишни амалга оширди. 

HY-601 авиақатнови ҳаво кемаси сардори йўловчиларга йўналиш Внуково муқобил аэропортига ўзгаргани ҳақида маълумот берган. Шунингдек, об-ҳаво яхшилангани ва ҳаво кемаси Домодедово халқаро аэропортига учиб кетишга тайёр бўлганидан сўнг, экипаж парвозга тайёрлигини эълон қилган.

«Афсуски, ҳаво кемаси бортида аёл ўзини ёмон ҳис қилаётгани маълум бўлди, экипаж шифокорларни чақиришга мажбур бўлди, бу эса учиб кетиш вақтининг кечикишига таъсир қилди. Шу пайтда Домодедово халқаро аэропортидаги об-ҳаво яна кескин ёмонлашди ва бу кейинги кечикишга олиб келди», – дейилади расмий ахборотда.

Кейинчалик ҳаво кемасидаги барча 210 йўловчини Внуково халқаро аэропортига тушириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

«Uzbekistan Airways» АЖ келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўрамоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг